Жаҳон | 23:19 / 13.11.2025
4619
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили 2022 йилдан бери яшаган клиникадан қамоққа қайтарилди

Гуржистон жазони ижро этиш хизмати унинг соғлиғи тиклангани ҳақида хабар берди.

Фото: Reuters

Гуржистоннинг собиқ президенти Михаил Саакашвили 2022 йил май ойидан бери бўлган Тбилисидаги «Вивамеди» клиникасидан чиқариб юборилди. У жазони ўташни давом эттириш учун қамоқхонага қайтарилди. Бу ҳақда Гуржистон жазони ижро этиш хизмати хабар берди. Михаил Саакашвили 2021 йилда ҳибсга олинган ва турли ишлар бўйича 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

«Маҳкум Михаил Саакашвилининг соғлиғи қониқарли бўлгани ва у энди стационар даволанишга муҳтож эмаслиги сабабли, фуқаролик сектори клиникасидан чиқарилиб, 12-сонли жазони ижро этиш муассасасига қайтарилди», дейилади вазирлик хабарида. Собиқ президент жазони умумий асосларда ўташда давом этади.

Михаил Саакашвили бир қанча ишлар, жумладан, давлат маблағларини ўғирлаш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича судланган. 2022 йилда у «Вивамеди» хусусий клиникасига ётқизилди ва у ерда турли касалликлардан даволанди.

Шу йил ноябрь ойида Грузия прокуратураси Саакашвили ва мухолифатнинг етти етакчисига қарши гўёки ҳокимиятни ағдаришга чақиргани учун янги жиноий иш қўзғатди. Расмийлар, шунингдек, собиқ президент асос солган «Бирлашган миллий ҳаракат» партиясини конституцияга зид деб эълон қилмоқчи.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид