Ўзбекистон | 09:49 / 13.11.2025
8443
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз

Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетасида чоп этилган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида Марказий Осиёнинг янги тарихий босқичга қадам қўяётгани, минтақада ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка таянадиган ҳамкорлик модели шаклланаётганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасининг 13 ноябр кунги 234-сонида чоп этилган “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласида таъкидланишича, минтақа мамлакатлари узоқ йиллардан кейин биринчи марта биргаликда олдинга юриш, умумий ривожланиш ва барқарорликни таъминлашга қаратилган янги босқичга кириб келди.

Давлат раҳбари фикрича, бу жараён “ўз-ўзидан” эмас, балки Марказий Осиё давлатлари етакчилари сиёсий иродаси, аниқ мақсадга йўналтирилган саъй-ҳаракатлари натижасидир. Минтақада ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити мустаҳкамланиб, ҳамкорлик кенг кўламдаги заруратга айланди.

Президент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари янги минтақавий ҳамкорлик архитектурасини яратганини, Тошкентда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммит эса барқарор, ўзаро боғлиқ ва фаровон Марказий Осиёни барпо этишда муҳим босқич бўлишини қайд этади.

Мақолада охирги йилларда чегара масалалари узил-кесил ҳал этилиб, давлатлар ўртасидаги чегаралар дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айлангани алоҳида таъкидланади. Фарғона тинчлик форуми, сув-энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳалар, жумладан, Қамбарота ГЭС-1ни барпо этиш бўйича келишувлар минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий намуналари сифатида тилга олинган.

Шавкат Мирзиёев минтақанинг иқтисодий салоҳияти кескин ошганини ҳам қайд этади: сўнгги саккиз йилда Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти қарийб икки ярим баробарга, ўзаро савдо эса икки бараварга ошган. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 2016 йилдаги 2,4 миллиард доллардан 2024 йилда 7,2 миллиард долларга етгани, минтақадаги қўшма корхоналар сони кескин кўпайгани таъкидланади.

«Амалий ҳаракатларимиз, келажак учун масъулиятимиз, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаат тамойилларига содиқлигимиз шуни исботлади: Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танламоқда. Рамзий маънода айтганда, биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз», деб ёзади президент.

Мақолада Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги ўрни ҳам алоҳида ёритилган. “Марказий Осиё плюс” форматларида — Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, АҚШ ва бошқа ҳамкорлар билан саммитлар ўтказилаётгани, минтақанинг ягона ва масъулиятли халқаро субъект сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилади.

Президент Афғонистонни бутун Марказий Осиё барқарорлиги билан узвий боғлиқ деб баҳолаб, бу мамлакатни минтақавий ва халқаро жараёнларга изчил жалб этиш, Трансафғон темир йўлини амалга ошириш, гуманитар ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш муҳимлигини таъкидлайди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, яқин ўн йилликларда Марказий Осиё аҳолиси 100 миллиондан ошади, аҳолининг ўртача ёши эса ҳамон жуда ёш бўлиб қолади. Шу муносабат билан ёшлар салоҳиятини ривожланиш ва инновациянинг асосий драйверига айлантириш, экология, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, “яшил иқтисодиёт”, рақамли технологиялар, саноат кооперацияси, гуманитар алоқалар ва ташқи сиёсий мувофиқлашувни чуқурлаштириш минтақа олдидаги устувор вазифа сифатида кўрсатилган.

Ўзбекистон раҳбари минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мамлакат учун тактик эмас, балки Марказий Осиё келажаги учун умумий масъулиятдан келиб чиққан стратегик танлов эканини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш — глобал ноаниқлик шароитида Марказий Осиёнинг энг катта ресурси ҳисобланади.

Мақола якунида президент Шавкат Мирзиёев Янги Марказий Осиёни барпо этиш борасида бошланган жараён ортга қайтмас йўл эканини таъкидлар экан, минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш йўлидаги тарихий суръатни асраб-авайлаш барча мамлакатлар олдидаги умумий вазифа эканини билдирди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид