Ўзбекистон | 10:14 / 14.11.2025
2031
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон товарлари Хитойнинг йирик онлайн бозори орқали сотилади

Хитойнинг энг йирик электрон тижорат платформаларидан бири — JD.com'да Ўзбекистон миллий павилони расман ишга туширилди. Лойиҳа юқори қўшилган қийматга эга ўзбек товарларини Хитой бозорига тизимли равишда олиб чиқиш, миллий брендлар иштирокини онлайн майдонларда кенгайтириш ва тадбиркорларни трансчегаравий рақамли савдога интеграциялаштиришга қаратилган.

Фото: Дунё

Хитойнинг йирик электрон тижорат платформаларидан бири JD.com'да Ўзбекистон миллий павилони расман ишга туширилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур лойиҳа юқори қўшилган қийматга эга ўзбек товарларини Хитой бозорига тизимли равишда илгари суриш, миллий брендларнинг онлайн каналлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда тадбиркорларнинг трансчегаравий рақамли савдога интеграциялашувини тезлаштиришга хизмат қилади.

Павилоннинг яратилиши Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларига Хитой бозорига чиқиш учун ягона дарча вазифасини ўтайди. Унда тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак, чарм-атторлик буюмлари ва пойабзал, чуқур қайта ишланган маҳсулотлар — қуритилган мевалар, ёнғоқлар, асал, табиий ичимликлар, зираворлар, шунингдек, Хитой бозори талабларига мувофиқ сертификатланган табиий хомашёдан тайёрланган косметика, уй-рўзғор буюмлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларининг кенг турлари намойиш этилиши режалаштирилган.

Хитойлик ҳамкорларнинг таъкидлашича, миллий павилоннинг ишга туширилиши ўзбекистонлик компанияларга юқори қўшилган қийматли товарлар экспортини кўпайтириш ва Хитойда миллий брендлар мавқеини мустаҳкамлашда мамлакатнинг энг йирик онлайн бозорларидан бирига тўғридан тўғри кириш имконини беради.

Таъкидлаш лозимки, JD.com платформаси Хитойнинг энг йирик электрон тижорат экотизимларидан бири бўлиб, ўзининг JD Logistics логистика тармоғига, шунингдек, ривожланган сифат назорати ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш тизимига эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид