Жаҳон | 11:45 / 14.11.2025
3988
9 дақиқада ўқилади

Россияда мобил интернет чекланиши: “оқ рўйхат” тизими ҳақида нималар маълум?

Уляновск вилоятида Украинадаги уруш тугагунига қадар мобил интернет блокланиши эълон қилинди. Расмий сабаб — Украина дронлари билан кураш. «Оқ рўйхат»даги сайтлар ҳақида нима маълум ва маҳаллий аҳоли бу ҳолатга қандай муносабатда?

Фото: AP

Россия минтақаларида мобил интернетни оммавий ўчириш 2025 йил баҳорида бошланган — асосан бу Ғалаба парадлари ўтказилган йирик шаҳарларга тааллуқли эди. Украина «Тўр» («Паутина») операциясини июн ойида ўтказиб, дронлар Россия ичкарисида жойлашган стратегик авиация аэродромларига ҳужум қилганидан сўнг, мобил интернет Россиянинг Европа қисмида ўчира бошланди. Расман сабаб сифатида дронлар билан кураш кўрсатилди, чунки улар навигация учун мобил интернетдан фойдаланади, деб таъкидланди.

Интернетни бир неча маротаба ўчиришдан сўнг Россия Ахборот технологиялари вазирлиги йирик алоқа операторлари билан биргаликда таклиф этилган «оқ рўйхат»ни — яъни, интернет ўчирилган пайтларда ҳам ишлайдиган сервислар тўпламини тасдиқлади. Ушбу рўйхат РФ ҳокимиятлари томонидан назорат қилинади, деб ҳисобланади. Унга «Госуслуги» портали, Ozon ва Wildberries маркетплейслари, «Яндекс»нинг етказиб бериш ва такси хизматлари, «ВКонтакте» ва «Одноклассники» ижтимоий тармоқлари, Max стриминг сервиси ва бошқа платформалар киритилган. Қайси минтақаларда мобил интернет тобора кўпроқ блокланаётгани ва маҳаллий аҳоли бу ҳолатга қандай муносабатда экани DW материалида баён этилган.

Уляновск вилояти ҳокимияти 11 ноябр куни мобиль интернетни вақтинчалик чеклаш чоралари Украинадаги уруш тугагунча доимий чорага айланишини эълон қилди. Вилоят рақамли ривожланиш вазири Олег Ягфаровнинг айтишича, чекловлар махсус мақсаддаги объектлар атрофида жорий этилади, аммо амалда бу ҳудудга турар жой кварталлари, ижтимоий масканлар ва офис бинолари ҳам тушган. Қарор федерал даражада қабул қилинганини таъкидлаган мансабдор шахсга кўра, чекловларнинг муддати белгиланмаган — Москвадан бошқа кўрсатма келмагунча улар сақланиб туради.

Россиядаги интернет узилишларини кузатиб борувчи «На связи» лойиҳаси маълумотларига кўра, мобил алоқа муаммолари ҳақида 57 та минтақадан хабар берилган. Масалан, Санкт-Петербург, Сочи, Тула, Рязан, Краснодар, Саратов, Нижний Новгород ва Уфада узилишлар тез-тез қайд этилади. eQualitie лойиҳасининг рус тилидаги координатори Леонид Юлдашевнинг таъкидлашича, «оқ рўйхат»дан фойдаланаётган минтақалар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, уларни аниқ ҳисоблаш жуда қийин, дейди у: «Қайси жойларда “оқ рўйхат” ёқилгани ҳақидаги маълумотни биз фақат фойдаланувчилардан ва маҳаллий ҳокимиятнинг камдан кам расмий баёнотларидан оламиз. Лекин одам “оқ рўйхат” амал қилаётган ҳудудда бўлса, у бу ҳақда хабар ҳам беролмайди — мессенжерлар, VPN ва бошқа алоқа воситалари ишламайди».

Воронеж вилоятида 9 ноябр куни Украин дрони ҳужумидан сўнг мобил интернет деярли икки кун ишламаган. «Блокнот» маҳаллий нашри ўтказган сўровга кўра, респондентларнинг 81 фоизи мобил интернет бутунлай йўқолганини айтган, фақат 10 фоизида «оқ рўйхат»даги сервислар ишлаган, қолганлари алоқа узилишларини сезмаган.

Юлдашевнинг айтишича, ҳатто бир шаҳарнинг ўзида ҳам «оқ рўйхат» турлича жорий этилиши мумкин. Масалан, махсус мақсаддаги деб аталувчи объектлар атрофида мобил интернет деярли доим ўчирилган бўлади, бошқа туманларда эса вазият бошқача бўлиши мумкин, бундан ташқари, турли мобил операторлар бу рўйхатларни ўзича амалга оширади. Шу боис, эксперт сўзларига кўра, «оқ рўйхат» фақат айрим кварталларда ишлаётган вазиятлар ҳам кузатилиши мумкин: «Том маънода икки бекат ўтиб кетсангиз, ҳаммаси яна одатдагидек ишлай бошлаши мумкин».

«Интернетни ҳимоя қилиш жамияти» ижроия директори Михаил Климарёвнинг тушунтиришича, «оқ рўйхат» яратиш ғояси бизнес, хусусан алоқа операторлари ва ҳокимият ўртасидаги бир турдаги компромиссдир: тадбиркорлар шундай йўл билан ўз зарарини камайтиришга уринмоқда. Аммо ҳатто шундай форматда ҳам минтақалар пул йўқотмоқда, унинг ҳисоб-китобича, Уляновск вилояти иқтисодиёти мобил интернет ўчирилган ҳар бир соат учун тахминан 3 млн рублдан маҳрум бўлмоқда.

«Интернет ҳозир иқтисодиёт ва давлат бошқаруви ривожи билан жуда чамбарчас боғланган. Ҳатто рақамли давлат деб аташ қийин бўлган Африка мамлакатларида ҳам интернет улкан рол ўйнайди. Уни ўчириб, ҳокимият аслида ўзига ўзи зарар етказмоқда, — дейди Климарёв. Унинг фикрича, бу зарар ҳокимиятлар даъво қилаётган хавфлардан ҳам катта бўлиши мумкин: — Ҳарбий объектларни ҳимоя қиламан, деб улар фуқаролик инфратузилмасини издан чиқармоқда. Интернетни ўчиришдан иқтисодиёт кўрадиган зарар дрон ҳужумидан кўра каттароқ бўлиши эҳтимоли бор».

Уляновск вилоятида бизнес ва корхоналар шатдаун пайтида тўхтаб қолар экан, «Интернетни ҳимоя қилиш жамияти» экспертлари баҳосига кўра, минтақa ҳар соатига тахминан 3 млн рубл йўқотмоқда, агар шундай чора бутун Россия бўйлаб жорий этилса, бутун мамлакат иқтисодиёти соатига 1,9 млрд рублдан айрилади. «Заводлардаги станоклар интернет орқали бошқарилади, сув қувурларидаги датчиклар маълумотни тармоқ орқали узатади, транспорт навигатор бўйича юради, банклар онлайн маълумот алмашади. Онлайн-дўконлар, интернетдаги эълонлар, ҳатто кассалар ҳам ишлаши учун интернет керак», — дейилади «На связи» лойиҳасининг Telegram-каналида.

Волгоградда мобил интернетнинг мунтазам ўчирилиши туфайли аҳоли судга мурожаат қила бошлади. Масалан, маҳаллий фуқаро Максим Конобеевских «Билайн» операторидан компенсация талаб қилди, юрист Иван Иванов эса аҳолини алоқа узилишлари бўйича оммавий шикоятлар беришга чақираётгани айтилган.

Шу билан бирга, eQualitie лойиҳаси координатори Леонид Юлдашевнинг таъкидлашича, россияликлар янги чекловларни «таърифлаб бўлмас даражада бўш қабул қилмоқда»: «Бу, албатта, ҳаёт сифатига салбий таъсир қилади, аммо одамлар буни об-ҳаводек қабул қиляпти: бугун ёмғир — уйда ўтирамиз, бугун “оқ рўйхат” — Telegram’дан фойдаланмаймиз».

Кўплаб етказиб бериш ва такси хизматлари аллақачон яна телефон орқали буюртма қабул қилишга қайтмоқда, дўконлар эса мижозларни SMS орқали хабардор қилмоқда, дейди эксперт: «Россия маълум маънода интернетдан олдинги даврга қайтяпти, гарчи рақамли инфратузилма жуда ривожланган бўлса ҳам. Фуқароларнинг бу вазиятга таъсир кўрсатиш имкони деярли йўқ».

Яқин олти ой — бир йил ичида «оқ рўйхат»ларни бутун Россия бўйлаб жорий этишга ҳокимият қодир эмас, деб ҳисоблайди Юлдашев. «Оқ рўйхат — техник жиҳатдан мураккаб тизим, — деб тушунтирди у. — Фақат маълум серверларга трафикни ўтказиш ва қолганини тўсиш керак, шу билан бирга, вақт синхронизациясига ўхшаш танқидий муҳим сервислар ишини бузмаслик лозим. Хатолар жуда қимматга тушади, шу боис минтақалар тизимни нотекис ва турлича тезликда жорий этмоқда». Экспертнинг сўзларига кўра, тўлиқ суверен интернет яратиш кўп йиллик тайёргарликни талаб қилади, ҳозир эса ҳокимият «қисқа ҳужумлар» билан иш тутмоқда: «оқ рўйхат»ни ёқади, оқибатларини кузатади ва шундан кейингина қарор қабул қилади. Шу билан бирга, Юлдашев таъкидлашича, «ҳокимият буни нормага айлантирмоқчи экани аниқ», аҳоли эса аста-секин чекловларга кўникмоқда.

Климарёвнинг фикрича, Россия ҳокимияти бутун мамлакат бўйлаб мобил интернетни тўлиқ изоляция қилиш учун техник жиҳатдан аллақачон тайёр: «Мендан кўп сўрашади: бу Россияни изоляция қилишга тайёргарлик эмасми? Техник нуқтаи назардан “оқ рўйхат”ларни бутун мамлакат бўйлаб жорий этиш қийин эмас. Бизга намоён бўлаётган манзара эса режали операциядан кўра, кўпроқ ҳарбийлар ҳаракатларига жавоб сифатида кўринади», — дейди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид