Жаҳон | 08:49 / 14.11.2025
1314
2 дақиқада ўқилади

Украинада "Энергоатом" иши фонида давлат компаниялари текширилади

Украина бош вазири Юлия Свириденконинг айтишича, давлат секторидаги йирик корхоналар ва давлат банклари «молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги» ҳамда «бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш» бўйича текширилади.

Фото: Kay Nietfeld / dpa / Global Look Press

Украина ҳукумати мамлакатдаги энг йирик давлат корхоналарини, хусусан энергетика ва мудофаа саноати соҳасидаги корхоналарни текширишни топширди. Бу ҳақда 13 ноябр куни Украина бош вазири Юлия Свириденко маълум қилди. Айниқса, харидларнинг ошкоралиги ва молиявий назорат масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Свириденконинг сўзларига кўра, «Нафтогаз», «Укроборонпром», «Укрзализница», «Укргидроэнерго» ва давлат банкларининг кузатув кенгашлари компанияларнинг ижроия органлари фаолиятини таҳлил қилиши, қоидабузарликлар аниқланса, назоратни кучайтириши ва вазирлар маҳкамасини хабардор қилиши керак.

Шу билан бирга, Украина Давлат аудит хизмати ҳам давлат секторидаги йирик корхоналарни, жумладан, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги юзасидан текширувдан ўтказади, дея таъкидлади бош вазир.

«ГТС операторы» раҳбари лавозимига танловни тўхтатиш тўғрисидаги қарор Украина Миллий антикоррупция бюроси (НАБУ) томонидан «Энергоатом»даги эҳтимолий суиистеъмолликлар бўйича олиб борилаётган тергов билан боғлиқ, бу ишда танлов финалчиларидан бири ҳам тилга олинган. «Танлов иштирокчиларининг ҳалоллиги қўшимча текширилгандан сўнг қайта тикланади», — деб ёзди Свириденко ўзининг Telegram-каналида. ОАВ маълумотларига кўра, гап Украина энергетика ва адлия ишлари бўйича собиқ вазир Герман Галушченконинг собиқ маслаҳатчиси Оксана Кривенко ҳақида кетмоқда, у Украинанинг газ транспорт тизими раҳбари лавозимига асосий даъвогар ҳисобланган.

НАБУ ва Махсус антикоррупция прокуратураси (САП) 10 ноябр куни «Энергоатом» энергетика соҳасидаги давлат компанияси атрофидаги коррупция схемаси фош этилганини маълум қилди. Можаро марказида Украина амалдаги ҳукумати айрим вазирлари ва мамлакат президенти Володимир Зеленскийнинг кўп йиллик ҳамкори, «Квартал 95» студиясининг эгаси Тимур Миндич қолган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид