Жаҳон | 10:27 / 15.11.2025
1650
3 дақиқада ўқилади

Каллас: ЕИ Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқмоқда

Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Берлинда ГФР мудофаа вазири Борис Писториус билан учрашувдан кейин, Евроиттифоқ Украинадаги уруш учун Россияга қарши янги, 20-санкциялар пакетини тайёрлашни аллақачон бошлаганини маълум қилди.

Фото: REUTERS

ЕИ Украинага нисбатан Россиянинг давом этаётган қуролли босқинига жавоб тариқасида янги санкциялар пакетини тайёрлашга киришди. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Кая Каллас 14 ноябр куни Берлинда ГФР мудофаа вазири Борис Писториус ва унинг европалик ҳамкасблари билан учрашувдан сўнг маълум қилди.

«Урушда маблағ ёки аскарлари биринчи бўлиб тугаган томон ютқазади», — деди Каллас. Унинг сўзларига кўра, Россияга санкциялар ёрдамида босим ўтказишни давом эттириш зарур. У, шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан Россия нефт компанияларига қарши жорий этилган сўнгги чеклов чоралари бу босимни янада кучайтираётганини таъкидлади.

Калласнинг айтишича, санкциялар халқаро шериклар ҳаракатлари билан мувофиқлаштирилган тақдирда самаралироқ ишлайди. Европа дипломатияси раҳбарининг қайд этишича, янги Америка санкциялари Россияни Украинага қарши уруш олиб бориш учун зарур бўлган ресурслардан аллақачон маҳрум эта бошлаган.

ЕИнинг навбатдаги санкциялар пакети Украинага қарши Россия қуролли ҳужуми 2022 йил феврал ойи охирида бошланганидан бери қабул қилинган чора-тадбирлар орасида 20-пакет бўлади. Ўн тўққизинчи пакет октябр ойида кучга кирган ва у ҳам, Америка чекловлари сингари, аввало Россиянинг газ ва нефт сотишдан оладиган даромадларини қисқартиришга қаратилган.

Қабул қилинган чораларга биноан, Россиянинг суюлтирилган табиий гази (СТГ)ни импорт қилишга тўлиқ тақиқ 2027 йилда кучга киради — аввал режалаштирилган муддатдан бир йил олдин. Бундан ташқари, молия секторида, савдо соҳасида ва ЕИ ҳудуди ичида рус дипломатларининг ҳаракатланишига оид қўшимча чекловлар жорий этилди.

Каллас Берлинда 20-санкциялар пакетининг эҳтимолий чора-тадбирлари тафсилотларини ошкор этмади. Бироқ Брюссел дипломатларининг маълумотларига кўра, санкциялар рўйхатига Россиянинг янги энергетика компаниялари ва «соя флоти»га қарашли кемаларни киритиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

«Соядаги флот» деганда кўпинча чет эл байроқлари остида юрадиган, кўп ҳолларда эскириб қолган кемалар назарда тутилади. Россия бу кемалардан Ғарб давлатлари томонидан Россия нефтига жорий этилган нархлар чегарасини четлаб ўтиш учун фойдаланади.

Юк келиб чиқишини яшириш учун турли усуллар қўлланади — кемаларнинг автоматик идентификация тизими (AIS) маълумотларини ўчириб қўйиш ёки ўзгартиришдан тортиб, очиқ денгизда нефтни бир танкердан бошқасига қайта юклашгача.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид