Жаҳон | 12:51 / 15.11.2025
3910
2 дақиқада ўқилади

Кашмирдаги полиция бўлимида портлаш: камида 9 киши ҳалок бўлди

Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги ҳудудида полиция мусодара қилган портловчи моддалар уюми портлаб кетди. Натижада 9 киши ҳалок бўлган ва ўнлаб инсонлар жароҳатланган. «Портлаш шунчалик кучли бўлганки, баъзи тана қисмлари 100–200 метр наридаги уйлар ичидан топилди», дейди маҳаллий полиция вакили.

Фото: Reuters

14 ноябрь куни Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги ҳудудида полиция бўлимида мусодара қилинган портловчи моддалар уюми портлаб кетди. AP нашрининг ёзишича, натижада камида тўққиз киши ҳалок бўлди ва 32 киши яраланди.

Маҳаллий полицияга кўра, воқеа жума куни кечқурун Ҳиндистон назоратидаги Сринагарнинг жанубида — Новгам ҳудудидаги полиция бўлимида содир бўлган.

Фото: Reuters

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти полициячилар бўлиб, улар орасида портловчи моддаларни текшириб кўраётган суд-тиббий экспертлар ҳам бор эди, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган Reuters манбалари. Яраланганларнинг баъзилари оғир аҳволда.

«Жасадларни аниқлаш жараёни давом этмоқда, чунки айримлари бутунлай куйиб кетган. Портлаш шунчалик кучли бўлганки, баъзи тана қисмлари полиция бўлимидан 100–200 метр наридаги уйлар ичидан топилди», деган нашр манбаси.

Ҳиндистоннинг федерал бошқарувидаги Жамму ва Кашмир минтақаси полиция бошлиғи тез орада ушбу ҳодиса юзасидан маълумот бериши кутилмоқда.

Аввалроқ маҳаллий полиция Новгам полиция бўлимида портлаш юз берганини айтган эди. Расмийнинг сўзларига кўра, ёнғин бутун мажмуа бўйлаб тарқалган ва ёнғин ўчириш машиналари ҳодиса жойига етиб борган.

Бу портлаш Ҳиндистон пойтахти Ню-Деҳлида содир бўлган автомобиль портлашидан 4 кун ўтиб юз берди. Камида саккиз киши ҳалок бўлган ушбу фожиани Ҳиндистон ҳукумати «терроризм ҳодисаси» деб атаган эди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид