Ўзбекистон | 10:08 / 15.11.2025
1845
2 дақиқада ўқилади

Япония Ўзбекистонга 5,7 млн долларлик маммография ускуналарини бепул ажратади

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Япония ҳукуматининг грант дастури доирасида 2025–2026 йилларда 5,7 млн АҚШ доллари қийматидаги замонавий маммография аппаратларини Ўзбекистонга бепул етказиб бериш бўйича меморандум имзоланди. Лойиҳа аёлларда кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир А.Худоёров ва Япониянинг янги тайинланган элчиси К.Хирата ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, бу жараён айниқса тиббиёт соҳасидаги қўшма лойиҳаларда яққол намоён бўлаётгани қайд этилди.

Хусусан, Япония ҳукуматининг грант дастури доирасида маммография аппаратларини етказиб бериш лойиҳаси соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

Мазкур лойиҳа 2025–2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг доирасида 5,7 миллион АҚШ доллари қийматидаги энг замонавий япония тиббий ускуналарини етказиб бериш кўзда тутилган. Муҳими, бу ускуналар грант ёрдами орқали, яъни бепул ажратилади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистонда аёлларни кўкрак бези саратонини эрта аниқлашга қаратилган скрининг дастурлари билан тўлиқ қамраб олишдир.

Маммография ускуналари бутун мамлакат бўйлаб туман тиббиёт бирлашмаларига тақдим этилади. Мазкур ташаббус президентнинг 2024 йил 21 февралдаги тегишли фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон 2030» стратегиясига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Учрашув якунида Япония ҳукуматининг грант дастури доирасида маммография аппаратларини етказиб бериш бўйича меморандум имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид