Жаҳон | 22:38 / 16.11.2025
7838
2 дақиқада ўқилади

Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхона очилди

Ciel Dubai Marina меҳмонхонаси баландлиги 377 метр бўлиб, замонавий минималистик услубда безатилган 1000 дан ортиқ хона ва люксларни таклиф этади.

Фото: AP

Дубай архитектура бўйича мутлақ жаҳон етакчилигига интилаётган шаҳар мақомини яна бир бор тасдиқлади. 2025 йил ноябрь ойида бу ерда баландлиги 377 метр бўлган Ciel Dubai Marina меҳмонхонаси расман очилди. У дунёдаги энг баланд меҳмонхонага айланди ва аввалги рекордчи, шу шаҳардаги Gevora меҳмонхонасини (356 м) ортда қолдирди.

Лойиҳа The First Group томонидан амалга оширилди ва минтақадаги энг катта амбициялардан бирига айланди. Меҳмонхона нуфузли Dubai Marina ҳудудида, осмонўпар бинолар, яхта бандаргоҳлари ва Marina Walk сайргоҳи ўртасида жойлашган.

Бино 82 қаватдан иборат бўлиб, Форс кўрфази, машҳур «Жумайра пальмаси» ва шаҳар осмонўпар биноларининг панорамали кўринишларидан максимал даражада фойдаланиш учун мўлжалланган.

Ciel Dubai Marina замонавий минималистик услубда безатилган 1000 дан ортиқ хона ва люксларни таклиф этади. Лойиҳалашда табиий ёруғлик, экологик материаллардан фойдаланиш ва кенг макон туйғусини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ciel Dubai Marina очилиши меҳмонхона саноати учун муҳим воқеа бўлди. У нафақат янги баландлик рекордини ўрнатади, балки минтақада меҳмонхона секторини ривожлантириш йўналишини белгилайди.

Меъморий дадиллик, ҳашамат ва инновациялар уйғунлиги туфайли меҳмонхона аллақачон Dubai Marina янги рамзи ва 2025 йилнинг энг кутилган сайёҳлик янгиликларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Дубай жаҳон сайёҳлик маркази мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Ciel Dubai Marina очилиши премиум меҳмонхоналар бозорида рақобатни кучайтиради, сайёҳлар, инвесторлар ва замонавий архитектура лойиҳаларини қадрловчиларни жалб қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид