Жаҳон | 12:06 / 17.11.2025
5774
2 дақиқада ўқилади

Россияда кўча норозилик акциялари кўпайди

Россияда Украинага қарши уруш бошланганидан кейинги тўртинчи йилда кўча норозилик акциялари сони ошди. Бундай кузатув билан 16 ноябр куни собиқ тадбиркор Михаил Ходорковскийга алоқадор "Можем объяснить" Telegram-канали ўртоқлашди.

Фото: Артём Соколов / Коммерсантъ

Бундай акцияларга мисол қилиб, мақола муаллифлари мусиқачиларнинг "чет эл агентлари" деб эълон қилинганларнинг қўшиқларини "Стоптайм" гуруҳини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижро этишини келтиради. Ушбу гуруҳ иштирокчилари — яккахон Диана Логинова (Наоко), унинг турмуш ўртоғи бўлмиш гитарачи Александр Орехов ва перкуссионист Владислав Леонтев — "карусел ҳибслар"дан, яъни жиноят иши қўзғатмасдан, қамоқда ушлаб туриш муддатининг қайта-қайта узайтирилишига дуч келмоқда.

Норозилик акцияларининг бошқа мисоллари сифатида Владивосток, Новосибирск ва Камчаткада утилизация йиғимини оширишга қарши чиқиш, Воронеж, Омск, Новосибирск ва Петропавловск-Камчатскийда Max давлат мессенжерига қарши митинглар, Лучегорскийда Приморская ГРЭСда ишлар олиб бораётган пудрат ташкилоти ходимларига иш ҳақи тўловининг кечикишига қарши акциялар, Курск вилояти аҳолисининг ҳарбий ҳаракатлар туфайли вайронага айланган уйлари учун компенсация талаб қилиши, ҳатто феврал ойида Пермда кузатилган, рўйхатдан ўтмаган "Рассвет" партияси аъзоси Екатерина Дунцова ташкил этган урушга қарши пикет ҳам тилга олинган.

Шу билан бирга, Telegram-канал маълумотларига кўра, Россияда тобора кўпроқ фуқаролар ҳукумат сиёсатига нисбатан норозилик ифодаси сифатида мамлакатда "чет эл агентлари" ва "террористлар" деб эълон қилинган ёзувчилар асарларини ўқимоқда. Ушбу адабиётлар хориждаги нашриётлар томонидан чоп этилади, шундан сўнг улар Россияга "ҳокимият назоратидан ташқари усуллар" орқали олиб кирилади, дейилади постда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид