Жаҳон | 23:07 / 17.11.2025
3260
3 дақиқада ўқилади

Хитой ядро қуролини синовдан ўтказиш учун полигон тайёрлашни бошлади

Хитой ядро дастури бўйича АҚШ ва Россиядан ортда қолмоқда, айнан шу нарса синов объектини тайёрлашга сабаб бўлиши мумкин.

Фото: Getty images

Хитой Шинжон-Уйғур автоном вилоятининг ғарбий қисмидаги ядровий синовлар полигонини тез суръатларда кенгайтирмоқда ва модернизация қилмоқда, у ерда 1964 йилда биринчи марта атом бомбасини синовдан ўтказган, деб ёзди The Washington Post сунъий йўлдош тасвирлари ва экспертлар таҳлилига таяниб.

«Ҳарбийлар янги туннеллар ва йўллар қурган, чўлда юқори қувватли ядровий портлашларни амалга ошириш учун махсус вертикал шахталар учун асос бўлиши мумкин бўлган иккита йирик қудуқ қазиган, ёрдамчи иншоотлар қурган ва электр таъминотини йўлга қўйган», деб ёзди WP.

Дастлабки ишлар 2021 йилда бошланган бўлса, бу йил узлуксиз давом этмоқда. Хитой ядро дастури бўйича АҚШ ва Россиядан ортда қолмоқда, айнан шу нарса синов объектини тайёрлашга сабаб бўлиши мумкин.

Хитойнинг ядровий синовларга эҳтимолий тайёргарлиги Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви фонида содир бўлмоқда. Яқинда Владимир Путин бир қанча «мўъжизавий қурол» - ядро двигателли «Буревестник» ракетаси ва «Посейдон» ядро торпедаси билан мақтанди. Бунга жавобан Доналд Трамп Пентагонга зудлик билан ядро қуролини синовдан ўтказишни буюрди.

Америка олимлари федерацияси маълумотларига кўра, 1992 йилдан бери ядро синовларини ўтказмаган АҚШ ҳозирда 5117 та ядро каллакларига эга, Россияда 5459 та, Хитойда эса 600 та. Шимолий Кореяда 50 га яқин жанговар каллак бор.

Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти ҳисоб-китобларига кўра, Хитой арсенали 2030 йилга бориб тахминан 1000 та жанговар каллакка етади.

Шу билан бирга, Хитой ўз ядровий дастурини ривожлантиришда ҳеч қандай чекловларга эга эмас, АҚШ ва Россия учун эса стратегик ҳужум қуролларини чеклаш тўғрисидаги шартнома амал қилади. Тўғри, унинг муддати 2026 йил февралида тугайди ва 2023 йил февралида Путин унинг амал қилишини тўхтатди. Пекин ҳар қандай шартномаларни муҳокама қилишдан бош тортмоқда, чунки у АҚШ ва Россиядан анча орқада.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид