Жаҳон | 19:55 / 18.11.2025
2431
4 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия билан музокараларни фаоллаштириш учун Туркияга боради

Украина президенти Володимир Зеленский Туркияга ташриф мақсади Россия билан тинчлик музокараларини қайта тиклашга эришиш эканини маълум қилди. У, шунингдек, ҳарбий асирларни алмашиш жараёнини ҳам қайта йўлга қўйишни кўзлаяпти.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Украина президенти Володимир Зеленский Россия билан тинчлик музокараларини фаоллаштириш мақсадида Туркияга ташриф буюришини маълум қилди.

«Эртага — Туркияда учрашувлар. Музокараларни фаоллаштириш устида ишлаяпмиз, ҳамкорларга таклиф қилиш учун қўлимизда тайёрланган ечимлар бор. Урушга якун ясашни барча имкониятлар билан яқинлаштириш — Украинанинг биринчи даражали вазифаси. Асирларни алмашиш ва уларни ватанга қайтариш жараёнини ҳам қайта тиклаш учун ишлаяпмиз», — деб ёзди у 18 ноябр куни ижтимоий тармоқларда.

Шундан кўп ўтмай, Туркиядаги манба Reuters агентлигига АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф 19 ноябр куни Туркияга ташриф буюриб, Зеленский билан у ерда режалаштирилган музокараларда иштирок этишини маълум қилди. AFP агентлиги эса украин манбага таяниб, Украина президенти Анқарада турк ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашишини хабар қилди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия томони «Киевдан ҳеч қандай маълумот олмаган». У, шунингдек, Зеленский Туркияга келадиган кунларда бу ерда Россия вакиллари бўлмаслигини аниқлаштирди.

Украинада уруш бошланганидан бери Туркия ўзини Киев ва Москва ўртасида воситачи сифатида таклиф қилиб келмоқда. Россия ва Украина делегациялари 2025 йил май ойидан бошлаб Истанбулда бир неча раунд музокаралар ўтказган, улар чоғида асирларни алмашиш бўйича келишувга келинган, бироқ ўт очишни тўхтатишга оид жиддий силжишга эришилмаган эди. Сўнгги асирлар алмашуви октябр ойи бошларида бўлиб ўтган, ўшанда Москва ва Киев ҳар тарафдан 185 нафардан кишини алмашган.

Украина томони баён қилишича, Россия бир неча бор урушни тўхтатишга хоҳиши йўқлигини кўрсатган, Киев учун қабул қилиб бўлмайдиган талаблар қўйган — жумладан, қўшимча ҳудудларни бериш ва Москва олдида де-факто таслим бўлишни назарда тутувчи шартлар.

Зеленский Европа бўйлаб сафарлар турнесини амалга ошириб, Россиянинг Украина энергетика тизимига берган зарбалари ва мамлакатни қамраб олган коррупция можароси шароитида Киев учун қўллаб-қувватлаш изламоқда. 18 ноябр куни у Испания бош вазири Педро Санчес билан учрашди. Бир кун олдин эса Украина раҳбари Франция билан келишувни имзолаган, унга кўра Киев 100 тагача жанговар самолёт ва бошқа техника, жумладан дронлар харид қилади.

11 ноябр куни Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Кислица Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик музокаралари ўзгариш йўқлиги туфайли тўхтатилганини маълум қилган эди.

«Диктатура (Россиядаги — таҳр.) шароитида музокарада иштирок этувчи гуруҳлар билан самарали муҳокама олиб бориш мумкин эмас. Улар жуда қаттиқ чекланган мандатга эга ва ўзларига айтилган позициянигина ҳимоя қилиши керак», — деган эди ўшанда Кислица.

Шу билан бирга, 16 ноябр куни Киевда Россия билан ҳарбий асирлар алмашуви бўйича билвосита музокаралар яна олиб борилаётгани маълум қилинди. Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеровга кўра, гап «Истанбул келишувлари» доирасида алмашувни қайта тиклаш ҳақида бормоқда.

Асирлар алмашуви бўйича музокараларда Туркия ва БАА (Бирлашган Араб Амирликлари) воситачи сифатида иштирок этмоқда. «Яқин вақт ичида техник маслаҳатлашувлар ўтказилади. Улар барча ташкилий жиҳатларни мустаҳкамлаб бериши керак», — деди Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид