Жаҳон | 13:16 / 19.11.2025
1194
4 дақиқада ўқилади

Литва: Беларус билан ёпилган чегара яқин кунларда очилиши мумкин

Литва октябр ойи охирида метеозондларнинг доимий равишда кириб келиши сабабли Беларус билан чегарани номаълум муддатга ёпган эди. Энди эса республика ташқи ишлар вазири Вилнюс бу чорани бекор қилиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Фото: Sputnik / Виктор Толочко

Вилнюс октябр ойи охирида ёпиб қўйилган Беларус билан чегара яқин вақт ичида қайта очилиши мумкин, деган эҳтимолга йўл қўймоқда. Бу ҳақда 18 ноябр куни DW'га берган интервюсида Литва ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Беларус томонидан контрабанда учун қўлланаётган метеозондлар (ҳаво шарлари) сони қисқариб бормоқда ва ҳозирда Литва мамлакат ҳаво ҳудудидаги вазиятни баҳоламоқда.

«Ҳа, биз бу масалани муҳокама қиляпмиз ва бу қаттиқ чорани – чегарани тўлиқ ёпиш ва икки томонлама ҳаракатни бутунлай тўхтатишни – қайта кўриб чиқишимиз мумкин», – деди Будрис. Шу билан бирга, у агар шундай бўлса ҳам, бу Минскка нисбатан бошқа чоралар автоматик тарзда бекор қилинишини англатмаслигини таъкидлади.

Литва ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, агар яна шундай вазият такрорланиб, ҳаво шарлари Литва фуқаролик авиацияси хавфсизлигига таҳдид соладиган бўлса, Вилнюс «ўзида мавжуд бўлган миллий инструментдан» яна фойдаланади. Шу билан бирга, Кястутис Будрис Беларусга нисбатан энг самарали чора сифатида Евроиттифоқ даражасидаги санкцияларни тилга олди. Унинг фикрича, бу санкциялар ЕИга қарши гибрид ҳужумлар муносабати билан жорий этилиши керак.

Буни амалга ошириш учун, унинг айтишича, бир нечта қадамлар қўйиш лозим. Биринчидан, санкциялар қўллаш мезонларини қайта белгилаш зарур. Яъни, Беларус томонидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Россияга Украинага қарши ҳужумда кўрсатилаётган ёрдамдан ташқари, гибрид ҳужумлар учун ҳам жазо чоралари жорий этилиши керак. Иккинчидан, санкциялар қўлланиши лозим бўлган иқтисодий тармоқларни қайта кўриб чиқиш зарур: «Энг аввало, бу ўғитлар, масалан, азотли ўғитлар, шунингдек фуқаролик авиацияси, чунки бу тармоқ ЕИ санкциялари остида эмас, гарчи улар ЕИ фуқаролик авиацияси фаолиятига аралашса ҳам», – деди Будрис.

У, шунингдек, Минскка нисбатан бошқа соҳаларда ҳам санкциялар жорий этиш эҳтимолини истисно этмади ва, масалан, бухгалтерия ҳисоби, юридик хизматлар, аудит каби бизнес хизматларини тилга олди. «Биз бундай фаолиятга келажакда тўсқинлик қилиш учун қабул қилиниши лозим бўлган чораларнинг кенг қамровли рўйхатини туздик. Биз шарлар муаммосини ҳал қиламиз – аммо кейин яна бошқа нарса пайдо бўлади, улар чегаранинг у томонида бўлаётган воқеаларни янги воситаларга айлантириш ва қуролга кўчиришнинг янги йўлларини излайди», – деди Литва ташқи ишлар вазири.

Литва ТИВ октябр ойи охирида Беларус билан чегара кейинги алоҳида хабаргача ёпилганини расман эълон қилган ва Минскка «ҳаво ҳудудининг доимий равишда бузилиши» муносабати билан норозилик билдирган эди.

Литва Давлат чегарасини қўриқлаш хизматининг маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан бери мамлакат ҳаво ҳудудига Беларус томонидан юборилган, контрабандачилар тамаки маҳсулотларини чегарадан олиб ўтиш учун фойдаланаётган ҳаво шарлари, яъни юзлаб метеозондлар қайд этилган. Кузда метеозондлар Вилнюс ва Каунас халқаро аэропортларига бевосита яқинлашган, шу сабабли бир неча бор парвозларга чекловлар жорий этилган.

Шу орада, Полша 17 ноябр куни бир неча йиллар давомида ёпиқ бўлган Беларус билан чегарадаги икки назорат-ўтказиш пунктларини яна очди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид