Жаҳон | 09:02 / 19.11.2025
1548
2 дақиқада ўқилади

MI5: Хитой Британия парламентида жосуслик қилишга уринмоқда

MI5 Британия аксилразведка хизмати маълумотига кўра, Хитой Хавфсизлик вазирлиги агентлари Британия парламенти аъзоларидан маълумот олишга ва улар фаолиятига таъсир ўтказишга уриняпти. Бу мақсадда улар танишув сайтлари, рекрутинг агентликлари ва бошқа турли “восита”лардан фойдаланмоқда.

Фото: Jakub Porzycki/NurPhoto/picture alliance

Британия контрразведка хизмати MI5 парламент аъзоларини Хитой агентларининг улардан маълумот олиш ва фаолиятига таъсир кўрсатишга қаратилган уринишлари хусусида огоҳлантирди. Reuters агентлиги ҳамда Британия ОАВ – жумладан BBC медиакомпанияси ва The Guardian газетаси хабарига кўра, Хитой томонидан амалга оширилаётган жосуслик фаолияти ҳақидаги бу огоҳлантириш Британия парламентининг ҳар икки палатаси (Қуйи палата – Жамоатлар палатаси ва Юқори палата – Лордлар палатаси) спикерлари Линдси Хойл ва Жон Макфолл томонидан тарқатилган.

Депутатларга йўллаган мурожаатида Хойл шу муносабат билан Хитой давлат хавфсизлик вазирлиги "жамиятимиз вакиллари билан фаол “алоқа ўрнатмоқда”, маълумот тўплаш ва узоқ муддатли муносабатларга замин яратишни кўзлаб, профессионал танишув сайтлари, рекрутинг агентликлари ва улар номидан иш юритувчи консултантлардан фойдаланмоқда", дея таъкидлади.

MI5 огоҳлантиришида айтилишича, "воситачи шахслар" жабрланувчиларга "фриланс консултант" сифатида ишлашни таклиф қилиб, улардан геосиёсий таҳлил ва ҳисоботлар тайёрлашни сўрайди. Ҳужжатда айниқса LinkedIn ижтимоий тармоғидаги икки профилга ишора қилинган бўлиб, улар Хитой давлат хавфсизлик вазирлиги манфаатларига хизмат қилаётгани даъво қилинган.

The Guardian’нинг ёзишича, яқин фурсатда Буюк Британия миллий хавфсизлик бўйича давлат вазири Дэн Жарвис Қуйи палатада (Жамоатлар палатаси) махсус баёнот билан чиқиши кутилмоқда.

Лондондаги Хитой элчихонаси ҳозирча журналистларнинг ушбу вазиятга изоҳ бериш ҳақидаги сўровларига жавоб қайтармаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид