Жаҳон | 13:08 / 19.11.2025
2493
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия космосда немис сунъий йўлдошларига таҳдид қилган

Россия сунъий йўлдошлари космосда Бундесвер йўлдошларига шунчалик яқинлашганки, бу масофа сигнални қўлга киритиш учун етарли бўлган. Москва, шунингдек, камида бир немис сунъий йўлдошининг ишини бузган, дейилади WDR, NDR телекомпаниялари ва Süddeutsche Zeitung газетаси суриштирувида.

Фото: Markus van Offern/IMAGO

Суриштирувга кўра, Россия сунъий йўлдошлари космосда Бундесвер (Германия қуролли кучлари) йўлдошларига яқинлашган. Москва, шунингдек, камида бир немис сунъий йўлдошининг ишини бузган, дейилади 18 ноябр куни эълон қилинган WDR, NDR ва Süddeutsche Zeitung материалларида.

ОАВ французларнинг космосни мониторинг қилиш билан шуғулланувчи Aldoria компанияси маълумотларига таянади. Унга кўра, 2023 йил апрелидан бери Россия сунъий йўлдошларининг немис йўлдошларига 140 кмгача яқинлашиши каби шубҳали ҳолатлар бир неча бор қайд этилган. Бундай масофада сигналларни қўлга киритиш имкони мавжуд.

Бундан ташқари, 2024 йил августида Россиянинг "Луч" ("Олимп") деб номланган разведка сунъий йўлдоши Бундесвер йўлдошига атиги 88 км масофагача яқинлашган. Ёз бошларида эса, нашрлар таъкидлашича, Россия ердаги станциядан ҳужум уюштириб, Германия армиясининг яна бир космик аппарати ишини бузган – сигналлар издан чиққан ва соатлаб алоқа узилиши юз берган.

"Космос эндиликда фақат (ҳарбий) операцияларни қўллаб-қувватлаш учунгина эмас, балки алоҳида уруш майдони сифатида ҳам қўлланади", дея таъкидлади Мюнхендаги Бундесвер университетидан Анте Нётцолд.

"Биз таҳдид остидамиз. Россия, ҳақиқатан ҳам, бизга космосда таҳдид солиш ва жиддий халал бериш имкониятларига эга", — деди Бундесвер Космик қўмондонлиги қўмондони, генерал-майор Михаэл Траут.

Германия мудофаа вазири Борис Писториус 25 сентябрда Россия ва Хитой космосда уруш олиб бориш имкониятларини кенгайтираётгани, бу эса Германия ва умуман Европа учун фундаментал (асосий) таҳдид эканини айтган эди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг разведка сунъий йўлдошлари, жумладан Бундесвер ҳам фойдаланадиган IntelSat йўлдошларини кузатиб боради. Хитой космик аппаратлари эса шундай "мураккаб манёврлар" амалга оширяптики, агар гап самолётлар ҳақида кетганида, бундай ҳаракатларни "ҳарбий машқлар" деб аташ мумкин бўларди, дея қайд этган Писториус.

У Берлиннинг 2030 йилгача космосда ҳам мудофаа, ҳам ҳужум қилиш имкониятларини ривожлантириш учун тахминан 35 миллиард евро сармоя киритиш режаси борлигини маълум қилган. Эрта огоҳлантириш, разведка ва алоқа учун янги сунъий йўлдошларни орбитага чиқариш, шунингдек, Бундесвер Космик қўмондонлиги таркибида ҳарбий йўлдошларни бошқариш учун алоҳида марказ ташкил этиш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид