Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи «соядаги флот»ни чеклаш учун янги лавозим жорий этди
Европа Иттифоқи «соядаги флот»ни Россия учун даромаднинг энг муҳим манбаларидан бири, деб ҳисоблайди ва унга қарши кураш чораларини кучайтирмоқда. Кейинги қадамлар 20 ноябр куни ташқи ишлар бўйича ЕИ Кенгаши мажлисида муҳокама қилинади.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат хизматида санкцияларни четлаб ўтиб, Россия нефтини ташувчи «соя флоти»га қарши кураш бўйича координатор лавозими жорий этилди. Бу ҳақда 18 ноябр куни Брюсселда бўлиб ўтган брифингда ЕИнинг юқори мартабали мансабдори маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги лавозим ЕИга аъзо давлатлар ўртасида «соя флоти» ҳақидаги маълумот алмашинувини тизимлаштириш ва биргаликда янада самарали қарши чораларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган.
ЕИ вакили санкцияларга қарамай, Россия нефтига нисбатан чекловлар «соя флоти» ёрдамида тизимли равишда четлаб ўтилаётганини тасдиқлади. Европа Иттифоқи ва унга ҳамкор мамлакатлар бу флот таркибидаги тобора кўпроқ кемаларни қора рўйхатга киритаётганига қарамай, бу ҳолат давом этмоқда. Бундан ташқари, суғурталанмаган ва эски кемалар атроф-муҳит ҳамда денгиздаги хавфсизлик учун хавф туғдирмоқда.
Мансабдор шахснинг айтишича, бир қатор сабабларга кўра, Европа Иттифоқида «соя флоти»да иштирок этаётган барча кемалар ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Масалан, кемалар тез-тез ўз номини, мулкдорлик тузилмасини ва рўйхатдан ўтган мамлакатини ўзгартиради, сохта байроқлар ёки вазиятдан фойда кўришга интиладиган (оппортунист) давлатлар байроқлари остида сузади.
Юқори мартабали мансабдорга кўра, «соя флоти»га қарши кураш ва у билан боғлиқ «Россия иқтисодиётига зарар етказиш» усуллари 20 ноябр куни Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ ташқи ишлар Кенгаши мажлисидаги асосий мавзулардан бири бўлади.
Хусусан, ташқи ишлар вазирлари халқаро денгиз ҳуқуқи доирасида жорий этилиши мумкин бўлган чекловлар, сохта компанияларга нисбатан қўшма терговлар ва «соя флоти»га қарши курашда G7, ҳамкор ва ўхшаш позицияга эга мамлакатлар билан янада яқинроқ ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.
Брюсселда Вашингтоннинг Россияга нисбатан санкцион босимни яна кучайтиргани имконият сифатида кўрилмоқда. «Ҳозир, АҚШ санкциялар сиёсатига қайтиб, G7 давлатлари билан янада яқин ҳамкорлик қилиш ниятини билдирган бир пайтда, санкциялар масаласида, шу жумладан ‘соя флоти’га нисбатан ҳам, янги ва кучлироқ туртки пайдо бўлди», — деди мансабдор.
Унинг фикрича, трансатлантик ҳамкорликнинг тикланиши Европа Иттифоқи томонидан ушбу масалада қабул қилиниши кутилган қарорларнинг сиёсий аҳамиятини янада оширади.