Жаҳон | 22:54 / 19.11.2025
13631
4 дақиқада ўқилади

Зеленский узра қора булутлар: президент қаерда хато қилди?

Украинадаги коррупцион можаро Киев учун муаммолар келтириб чиқаришни бошлади. Кутилганидек Орбан Европа Иттифоқини Киевга ёрдамни тўхтатишга чақирмоқда, ҳозирча Трамп жим, лекин океан ортидаги Украинага ёрдамни қораловчилар ҳам ғимирлаб қолди. Президент Зеленский ҳатто уруш бошлангач бунақа қийин аҳволга тушмаганди. Шу кунларда Зеленский президентликдан олдин коррупция ҳақида айтган гаплари интернетда вирус каби тарқаляпти.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Свинарчук иши

2019 йил Украинадаги президент сайловлари арафасида коррупцион можаро авж олади. Украина армиясини ўмариш билан боғлиқ можаро марказида амалдаги президент Петро Порошенконинг яқин одами, бизнес шериги Олег Гладковский бўлади. Бу вақтда Порошенко иккинчи муддатга сайланишга тайёрланаётган, актёр Володимир Зеленский амалдаги президентга рақобатчи ўлароқ сиёсий майдонга чиқиб келаётганди.

«Слуга народа» филмида президент ролини ижро этиб, украинлар қалбини забт этган Зеленский бу можародан яхшигина фойдаланиб қолади. «Атрофидаги одамлар бунақа коррупцион можарога аралашган президент истеъфога чиқиши керак», дейди Зеленский Гладковский иши ҳақида.

Айтганча, Зеленский Гладковскийни собиқ фамилиясига урғу бериб Свинарчук деб атайди. Ваҳоланки, чиновник Свинарчук бир неча йил аввал фамилиясини Гладковский деб ўзгартирганди. Табиийки Зеленский Гладковскийнинг эски фамилиясида «Свиня», яъни чўчқа сўзи борлиги учун уни шундай деб атайди. Ўша вақтда Украинада Порошенко ва Свинарчукка қарши намойишлар ўтказилади, баннерларда чўчқанинг ҳам расмини қўйишади.

Ўша можаро вақтида Зеленский айтган гаплари ҳозир фаол тарқатилмоқда. «Порошенко Свинарчук нима иш қилганини билмаган бўлиши мумкин, лекин у чиқиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга Свинарчукни қўлга олишни буюриши мумкин эди. Унинг ўрнида бўлганимда, сиёсатдан кетардим», деганди хусусан Зеленский.

Ҳозир Зеленскийнинг дўсти Миндич бошчилик қилган коррупцион можаро олдида Свинарчуклар иши ҳеч нарса бўлмай қолди. Чунки 2019 йилда Украина Россия билан фақат Донбассдаги эълон қилинмаган урушда тўқнашаётганди холос. Ҳозир Россия бор кучи билан Украинани босиб олишга интилмоқда, бундай пайтда қилинган ўғриликни ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди.

Ортга қайтиб...

Биласизми, ҳозир Зеленский уни президент қилган «Слуга народа» филмидаги Украина раҳбари Голобородко ҳолатига тушиб қолди. Кинода оддий тарих ўқитувчиси Голобородко коррупцияга ботган Украина президенти бўлиб қолади ва ишни нимадан бошлашни билмайди. Ахир коррупция қанчалик илдиз отгани унинг тушига ҳам кирмаганди. Албатта, кино охирида Голобородко Украинани коррупция ботқоғидан олиб чиқади, ҳатто Қримни ҳам қайтаради, лекин бу учун ҳаётда тасаввур қилиб бўлмас йўлдан ўтади.

Буни қарангки, ҳаётда барчаси Зеленский учун кинодагидан ҳам қийин кечмоқда. Кинода кўпи билан уни қамашади, лекин ҳаётда у президентлик қилаётган давлатга бутун бошли Россия бостириб кирди. Энди етмаганига мана бу коррупцион можарога ўралашиб қолди.

Мен Володимир Зеленский дўсти Миндич марказида бўлган коррупцион схемадан манфаатдор бўлмаганига ишонаман. Зеленский порахўр сиёсатчи эмас, бунга ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Бу вазиятда унинг хатоси сиёсатда дўстга, таниш-билишига ишониш мумкин деб ўйлаганида. Ва энди унинг олдида жиддий синов турибди, бу номус масаласи, вақтида Порошенкони Свинарчук сабаб нималар демаганди, энди ўзи Порошенкодан ёмонроқ ҳолатда.

Свинарчук ишини энди ҳеч ким эсламайди, лекин Миндич иши сабаб бутун Украина репутацияси дарз кетди. Зеленский айбдорларни жазолаш орқалигина ўзига ишончни қайтариши мумкин, менимча. Уруш даврида эса уруш қонунлари амал қилади, оддий қонунлар эмас. Зеленский бу ботқоқдан чиқиб кета олармикин?

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид