Жаҳон | 11:46 / 20.11.2025
2724
2 дақиқада ўқилади

Airbus раҳбари Европада ядровий қурол жойлаштиришга чақирди

Европа мамлакатлари Россияни тийиб туриш учун ядровий дастур ишлаб чиқиши керак, деб ҳисоблайди Airbus раҳбари Рене Оберман. Унинг айтишича, РФ Калининградда жойлаштирилган «Искандер» ракеталари орқали Европага очиқчасига таҳдид қилмоқда.

Рене Оберман Фото: Sean Gallup / Getty Images

Airbus авиасозлик концерни бошқарув кенгаши раиси Рене Оберман Калининградда жойлаштирилган, ядровий каллак ташиш қобилиятига эга Россиянинг «Искандер» ракеталари келтириб чиқараётган таҳдидга жавоб сифатида Европа давлатларини тактик ядровий қуролга эга бўлишга чақирди.

«Бизнинг Ахиллес оёғимиз, эҳтимол, шундаки, Россия бизга анча очиқ тарзда айнан шу билан таҳдид қиляпти: Калининградда бевосита эшигимиз олдида жойлаштирилган “Искандер” ракеталаридаги 500 дан ортиқ тактик ядровий каллаклар, бунинг устига, яқинда Беларусда жойлаштирилган каллаклар ҳам бор», — деди Оберман чоршанба, 19 ноябр куни Берлин хавфсизлик конференциясида чиқиш қилиб.

Airbus раҳбарининг таъкидлашича, Германия, Франция, Буюк Британия ва бошқа манфаатдор давлатлар Россияни ядровий йўл билан тийиб туриш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиши лозим.

НАТО вакили эса Оберман баёнотини Reuters агентлигига изоҳлар экан, иттифоқ сўнгги вақтларда «Россиянинг ядровий сиёсатда қандайдир ўзгаришларини кузатмаганини» қайд этди.

Октябр ойи охирида РФ президенти Владимир Путин Украинага қарши уруш давом этаётган бир пайтда ядровий куч қурилмасига эга, чексиз масофага учишга қодир «Буревестник» қанотли ракетаси синовдан ўтказилганини маълум қилди. Путин «Буревестник»ни «дунёда ҳеч кимда бўлмаган ўзига хос ишланма» деб атади.

Европада ядровий қуролга эга ягона давлатлар — Франция ва Буюк Британия. Франция ихтиёрида деярли 300 та, Британияда эса тахминан 250 та ядровий каллак бор. Германия эса аллақачон Франция билан Париж ядровий «соябон»ни қандай шартларда кенгайтириши мумкинлиги ҳақида «стратегик музокаралар» олиб бормоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид