Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия Россия кемасини лазер қўллашда айблади
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия Мудофаа вазирлигига қарашли «Янтарь» кемасини мамлакатнинг «ҳудудий сувлари»га кирганликда ва патрул самолётлари экипажларига нисбатан лазерлар қўллаганликда айблади.
Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хили маълум қилишича, Россия ҳарбий идорасига тегишли «Янтарь» тадқиқот кемаси сўнгги бир неча ҳафта ичида бир неча бор мамлакатнинг «кенг ҳудудий сувлари»га кирган ва бошқалар қатори Британия Ҳаво кучларининг P-8 Poseidon қарши-субмарина патрул самолётлари экипажларига нисбатан лазер тизимларини қўллаган. Мос баёнот чоршанба, 19 ноябр куни вазирликнинг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган.
Британия қуролли кучлари маълумотларига кўра, лазер нурлари Россия кемасининг ҳар бир ҳаракатини кузатиб бораётган учувчиларга қаратилган. «Янтарь» кемаси қуйи сувдаги кабелларни хариталаш ва разведка маълумотлар йиғиш учун фойдаланиладиган разведка кема сифатида қайд этилган. Авиациядан ташқари, назорат учун Британия HMS Somerset фрегатини ҳам жалб этган.
«Ушбу Россия разведка кемаси йил давомида иккинчи марта Британия сувларига кирмоқда. Бу — бизнинг энг муҳим сувости инфратузилмамизга таҳдид солаётган кўплаб Россия кемаларидан бири», — дейилади Британия Мудофаа вазирлиги баёнотида. Идора, шунингдек, Москвага алоҳида мурожаат қилди: «Биз сизни кўряпмиз. Нима қилаётганингизни биламиз. Ва агар “Янтарь” шу ҳафта жануб томонга йўл олса, бизнинг Ҳаво кучларимиз ҳаракатга шай».
Январ ойи охирида Буюк Британия Мудофаа вазирлиги «Янтарь» кемаси Ла-Манш бўғозида аниқланганини хабар қилган эди. 2024 йил ноябрида кема Британия сувларини мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари огоҳлантиришидан сўнг тарк этган, бир неча ҳафтадан кейин эса яна Британия қирғоқлари яқинига қайтган.
Бундан ташқари, ўтган йил ноябрида Ирландия ҳарбий-денгиз кучлари «Янтарь» кемасини Ирландия денгиз қисмидаги мамлакат иқтисодий зонасидан чиқариб юборгани ҳақида хабар қилинган. Расман кема илмий-тадқиқот кемаси ҳисобланади, аммо Россия бундай кемалардан денгизнинг тубидаги муҳим инфратузилма объектларини кузатиш, яъни жосуслик қилиш учун фойдаланишда айбланмоқда.
Британиянинг The Guardian газетаси Британия разведкаси таҳлилчиларига таянган ҳолда ёзишича, «Янтарь» катта чуқурликдаги сувости аппаратларини ишга тушириш қобилиятига эга. Нашр суҳбатдошларининг фикрича, кеманинг асосий мақсади диверсия эмас, балки разведка маълумотлари тўплаш бўлган.
Irish Examiner газетаси таъкидлашича, Ирландия ва Буюк Британия ўртасида учта газ қувури ва иккита сувости электр узатиш линияси мавжуд. Шунинг иккита газ қувури ва битта электр тармоғи айнан «Янтарь» бўлган ҳудуд яқинидан ўтади. Шу ердан маълумот узатиш учун саккизта кабел ҳам ўтади.