Ўзбекистон | 21:49 / 20.11.2025
37399
9 дақиқада ўқилади

Самарқанддан Тошкентга: 95 йил олдин Ўзбекистон пойтахти нега кўчирилган эди?

Сўнгги пайтларда Эрон ва Қирғизистон сиёсатчилари пойтахтни кўчириш зарурати ҳақида гапиришяпти. Бундай ҳолатни Ўзбекистон ҳам ўз бошидан ўтказган. Хўш, бундан 95 йил олдин нима учун республика пойтахти Самарқанддан кўчирилган ва нега айнан Тошкент танланган эди?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Давлатларнинг пойтахти ўзгариши – жаҳон тажрибасида аҳён-аёҳда рўй бериб турадиган ҳолат. Сабаблар эса турлича бўлади. Масалан, бир неча кун олдин Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Теҳрондаги сув етишмовчилиги ва ер чўкиши сабабли пойтахтни Форс кўрфази томонга – Дубайнинг қаршисига кўчириш режалаштирилаётганини маълум қилди. Сўнгги ҳафталарда қўшни Қирғизистонда ҳам сиёсатчилар турли сабаблар билан пойтахтни Бишкекдан Манас шаҳрига кўчириш ҳақида гапира бошлади.

Мамлакат маъмурий марказини кўчириш тажрибаси Ўзбекистонда ҳам бор. Бундан 95 йил олдин республиканинг сиёсий ва маъмурий маркази кутилмаганда Самарқанддан Тошкентга кўчирилган эди. Хўш, нима учун бундай қарорга келинган ва пойтахт сифатида нега айнан Тошкент танланган? Бугун шу ҳақда гаплашамиз.

Марказий Осиёнинг бўлиб юборилиши

СССР деб аталган коммунистик давлат ташкил топгач, Марказий Осиё халқларини бўлиб ташлаш бошланади. Асосий мақсад – сунъий чегаралар орқали минтақа давлатлари ўртасида кескинлик пайдо қилиш эди. Ўша пайтда миллат етакчилари сифатида майдонга чиққан жадидлар бу ҳудудда умумий Туркистон яратиш ғоясини илгари сурган бўлсалар-да, бу амалга ошмай қолди. 1924 йил сентябр-октябр ойларида ўтказилган миллий-ҳудудий чегараланиш натижасида Ўрта Осиё ҳудудидаги Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм республикалари ўрнида олтита миллий давлат бирлашмалари ташкил этилди.

Шу тариқа, 1924 йил 27 октябр куни Ўзбекистон ССР тузилди ва унинг таркибига еттита вилоят: Самарқанд, Зарафшон, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент ва Тожикистон автоном республика сифатида киритилади. 1929 йилда Тожикистон алоҳида иттифоқдош давлат сифатида Ўзбекистондан ажралиб чиқади. Кейинчалик 1936 йилда Қорақалпоғистон ЎзССР таркибига қўшилади ва харитада бугунги Ўзбекистоннинг шакли юзага келади.

5 йилда 3 та пойтахт

Ўзбекистон ССР ташкил топган пайтда жуда қисқа муддат – 1925 йил феврал-апрел ойларида Бухоро шаҳри республика пойтахти бўлган. Ўша йил апрелида бу мақом Самарқанд шаҳрига ўтказилган. Дарҳақиқат, Самарқанд тарихан ҳам пойтахтлик шон-шуҳратига эга эди. Қолаверса, 1929 йилгача Тожикистон автоном республика сифатида Ўзбекистон таркибида, Қорақалпоғистон эса 1930 йилгача Қозоғистон таркибида бўлганини инобатга олсак, Самарқанд географик жиҳатдан Ўзбекистоннинг қоқ марказида жойлашган эди.

Аммо вақт ўтиши билан вазият ўзгариб борган. 1930 йил 17 август куни пойтахтни Самарқанддан Тошкентга кўчириш ҳақидаги қарор қабул қилинади. Айрим манбаларда бошкентни ўзгартириш масаласи Ўзбекистон ССР ҳукуматининг ўша пайтдаги раиси Файзулла Хўжаев томонидан бир кунда ҳал қилингани ҳақидаги маълумотлар учрайди. Бу эса мазкур қарор ортида сиёсий сабаблар ҳам бўлган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Нега айнан Тошкент?

Ўзбекистон ССР тузилгунига қадар Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг пойтахти бўлган. Шу сабабли шаҳарда Совет Иттифоқи коммунистик партиясининг марказий қўмитаси, Ўрта Осиё иқтисодий кенгаши, Туркистон фронти, Ўрта Осиё ҳарбий округи каби ташкилотлар жойлаштирилганди. Бундан ташқари, бошқа қатор омиллар пойтахт кўчилишига таъсир қилган бўлиши мумкин.

Иқтисодий омиллар. 1920 йиллар охирига келиб Тошкент иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича Самарқандни сезиларли даражада ортда қолдира бошлайди. Россия империяси даврида Тошкент Туркистон генерал-губернаторлигининг пойтахти сифатида инфратузилма ютуқларига эришган: шаҳарда темирйўл ва электр станциялари, саноат корхоналари ва замонавий алоқа тармоқлари ташкил этилади. 1930 йилларда Совет Иттифоқининг биринчи беш йиллик режаси доирасида Тошкент атрофида янги саноат объектлари ҳам қурилиши режалаштирилганди. Бу шаҳарнинг иқтисодий салоҳияти ва кадрлар базаси Самарқандга нисбатан анча устун бўлишини таъминлайди.

Бундан ташқари, пойтахтнинг кўчирилишида транспорт ва коммуникация инфратузилмасининг роли ҳам катта бўлади. Тошкент XX аср бошларида Марказий Осиёни Россия ва Сибир билан боғловчи асосий темирйўл тугуни сифатида шаклланади. 1906 йилда ишга тушган Оренбург–Тошкент темирйўли шаҳарни Россия империяси ҳамда Марказий Осиё ичкарисидаги ҳудудлар билан боғлайди. Айниқса, 1926-1931 йилларда қурилган Туркистон–Сибир темирйўли Тошкентнинг транспорт-географик аҳамиятини янада оширди. Бу янги темирйўл шимолдан Новосибирск орқали юкларни Тошкентга ва жанубий йўналишда Фарғона водийсига тез етказишга имкон яратарди. Натижада Тошкент нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун йирик транспорт чорраҳасига айланади.

Сиёсий омиллар. Пойтахтни Тошкентга кўчириш ортида ҳудудий даъволар билан боғлиқ яширин сиёсий омиллар ҳам бўлгани айтилади. Манбаларга кўра, миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилганидан кейин қозоқ ҳукумати Тошкентни ўз пойтахтига айлантиришга қарор қилган ва бу ҳақда Сталинга мактуб ёзган. Бундан хабар топган Ўзбекистон ҳукумати республика марказини шошилинч равишда Тошкентга кўчиради. Шу йўл билан Тошкентнинг Қозоғистон таркибига ўтиши масаласи кун тартибидан бутунлай олиб ташланган.

Айрим тарихчилар совет ҳукумати Тошкентни Қозоғистонга бериш таклифларига бошиданоқ қарши чиққанини қайд этишади. Сталин ҳатто “Тошкент – ўзбекларга, Олмаота – қозоқларга” дея алоҳида таъкидлагани ҳам айтилади.

Ўзбекистон пойтахтини Самарқанддан Тошкентга кўчириш Москванинг ҳам манфаатларига жавоб берар эди. Шимолдаги марказий ҳокимият ўзига бўйсунувчи республикаларнинг пойтахтларини мамлакат ўртасида эмас, балки чегарага яқин ҳудудларга жойлаштиришга интилган. Шу орқали агар республикалар Совет Иттифоқи таркибидан ажралиб чиқишни истаса, шу заҳоти чегара яқинида жойлашган марказни қийинчиликсиз эгаллаш мақсад қилинган. Харитага эътибор бериб қарасак ҳам, Тошкентнинг шимолда Қозоғистон, шарқда Қирғизистон, жанубда Тожикистон билан чегарадош ҳудудда жойлашганини кўриш мумкин.

Бир пайтлар Туркия пойтахтини Истанбулдан Анқарага кўчирган Мустафо Камол ўз қарорини изоҳлар экан, шундай деганди: “Пойтахт чегарада жойлашиши – юракнинг кичик бармоқда бўлиши билан баробар”.

Умуман олганда, ўша пайтда Тошкент атрофидаги қишлоқларда қозоқлар ҳам яшаган, аммо шаҳар тили, маданияти ва умумий ҳаёт тарзи жиҳатидан ҳақиқий ўзбек шаҳри бўлган. Бу Москвадагилар ҳам инкор эта олмайдиган кучли далил эди. Ўз навбатида, Сирдарё вилоятининг бир қисми, хусусан, ҳозирги Туркистон ва Чимкент шаҳарлари атрофидаги ерлар Қозоғистонга берилган.

Пахта ва саноат ҳудудларига яқинлик. Расмий ҳужжатларда пойтахтни кўчириш сабаби сифатида бошқарувни оптималлаштириш, хусусан, асосий қишлоқ хўжалиги ва саноат ҳудудларига яқин бўлиш зарурати кўрсатиб ўтилган. У пайтларда транспорт ва коммуникация алоқалари ҳозиргидек тезкор бўлмаганини инобатга олсак, бу омил ҳам анча мантиқли кўринади.

Дарҳақиқат, Тошкентнинг географик жойлашуви пойтахтни Ўзбекистоннинг энг йирик пахтачилик маркази – Фарғона водийсига анча яқинлаштирарди. ХХ асрнинг 20-30-йилларида Ўзбекистон иқтисодиётида пахта етиштириш устувор тармоқ бўлиб, Фарғона водийси бу йўналишда асосий ҳудуд бўлган. Водийнинг Андижон, Наманган, Қўқон каби шаҳарларида енгил саноат ривожланиб бораётган эди. Самарқанддан фарқли ўлароқ, Тошкентдан Фарғона водийсига бир нечта йўналишда тўғридан тўғри темирйўл ва автомобил йўллари бор эди, бу эса советлар учун ушбу ҳудудни бошқаришни енгиллаштирарди. Марказий Ижроия қўмитасининг 1930 йилги қарорида айнан “асосий пахта етиштирувчи ва саноат ҳудуди – Фарғона водийсига яқин жойлашув” омили энг асосий далил сифатида қайд этилгани ҳам бежиз эмас.

Хавфсизлик. ХХ асрнинг 20-йилларида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, хусусан, Самарқанд ва Бухоро атрофидаги тоғли туманлар ва Фарғона водийсида совет режимига қарши миллий озодлик ҳаракати давом этаётганди. Тошкент шаҳри географик жиҳатдан бу ҳудудлардан олисроқ ва советлар учун хавфсизроқ эди. Тошкентда қизил армия ҳарбий округи штаби жойлашган бўлиб, атроф вилоятларни назорат қилиш, миллий озодлик ҳаракатларини бостириш учун қулай бўлган. Шу сабаб, пойтахтнинг Тошкентга кўчирилишида, маълум маънода, сиёсий барқарорликни таъминлаш ва куч тузилмаларининг марказга яқин туриши ҳам инобатга олинган.

Мавзуга оид