Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Гўзаллик йўлида қурбонлик: баланд пошна аслида қанчалик хавфли?
Баланд пошнали пойабзал – аёлларнинг севимли аксессуари. У мода рамзи, ўзига хослик ва ишонч тимсоли. Аммо пошна тақдим этадиган латофатли кўриниш ортида бўғим, тизза ва бел мушакларига ортиқча босим тушиши, вақт ўтиб танада салбий ўзгаришлар кузатилиши, суяклар қийшайиши каби масалалар бор. Ушбу мақолада баланд пошнанинг тана учун қандай хавфлар туғдириши ва ундан зарарсиз фойдаланиш усуллари таҳлил қилинади.
Фото: iStock
Бўғим ва товонларга ортиқча юклама
Баланд пошна кийган одамнинг бутун тана вазни табиий ҳолатдан фарқли ўлароқ олдинга силжийди. Бу, энг аввало, тиззалар ва товон суякларига босимни кескин оширади. Ҳар бир қадамда бўғимлар “ортиқча юк” остида қолади.
Ортиқча юк туфайли бўғимлардаги хондроситлар (бўғим суякларини қоплайдиган тўқима) тезроқ эскиради, ушбу ҳолат сурункали оғриқ, артрит ва бўғим деформацияларини келтириб чиқариши мумкин. Шу билан бирга, оёқ суяклари, хусусан товон ва оёқ бармоқларидаги суякларда деформация ривожланиши эҳтимоли ортади. Масалан, бармоқларнинг эгилиб қолиши ёки оёқлар тагида оғриқ пайдо бўлиши каби хасталиклар баланд пошна туфайли юзага келади
Мазкур жараёнда тиззаларга тушадиган юк одатдагидан 20-30 фоизга ортади, айниқса, 7-10 см баландликдаги пошналар бу таъсирни кучайтиради. Кун давомида ўзгариш билинмайди, аммо ҳафта, ой, йиллар ўтиб, тизза бўғимларида сурункали оғриқ, артрит ва суякларда деформация ривожланиши хавфи ортади.
Мутахассислар тавсиясига кўра, баланд пошнада кунига 2–3 соатдан ортиқ юриш тавсия этилмайди.
Бел ва бўйин мушакларига стресс
Баланд пошнада юрганда фақат оёқлар эмас, бутун орқа қисми ҳам “зўриқиш режими”га ўтади. Тана олдинга оғганидан сўнг, бел мушаклари мувозанатни сақлаш учун кўпроқ ишлайди. Бу эса чарчоқни, белда оғриқларни келтириб чиқаради.
Бўйин мушаклари эса, аксинча, танани тик тутишга ҳаракат қилади ва доимий таранглик ҳолатида қолади. Оқибатда бўйин қисмини босган оғриқ, кучсизланиш, ҳатто бош оғриғига олиб келиши мумкин. Мутахассислар буни “занжирли оғриқ” деб аташади: оёқдаги ноқулайлик аста-секин бутун тана бўйлаб юқорига кўтарилади.
Оёқ мушаклари, пайлар ва қон айланиши
Баланд пошнада оёқлар табиий ҳолатда ишламайди. Унинг олд қисми меъёрдан ортиқ сиқилади, пайлар чўзилиб-чўзилиб чарчайди, оёқ мушаклари эса қисқаради. Узоқ муддат бундай вазиятда юрган аёлларда:
- бармоқлар деформацияси (ҳаллух валгус);
- оёқ мушакларининг қисқариши;
- оёқ шиши;
- варикоз томирлар ривожланиши;
- қон айланишининг секинлашуви кузатилади. Айниқса, тор учли ва жуда баланд пошналар оёқнинг олд қисмига босимни икки баравар оширади. Шунинг учун шифокорлар баланд пошнани “қисқа муддатли эстетика, узоқ муддатли зарар” деб аташади.
Мувозанат ва жароҳат хавфи
Пошна қанчалик баланд бўлса, одамнинг ер билан алоқа нуқтаси шунчалик кичраяди ва мувозанат сақлаш қийинлашади. Устига устак, тор пошналарда тананинг таянчи беқарор бўлади. Оқибатда:
- тойиш;
- йиқилиш;
- товон чиқиши;
- оёқ қайрилиши;
- мушак чўзилиши хавфи кескин ошади. Айниқса, зинапоядан тушаётганда, нам ерда ёки нотекис шоҳкўчаларда бу хавф бир неча баравар кўпаяди. Шунинг учун баланд пошна чиройли кўринса ҳам, кундалик, узоқ масофага юришга мутлақо мос эмас.
Баланд пошнада юришдан келиб чиқадиган салбий оқибатларни камайтириш учун мутахассислар қуйидаги тавсияларни беради:
- Вақтни чеклаш: Баланд пошнада кунига 2-3 соатдан ортиқ юрмаслик, узоқ масофа босиб ўтиш зарур бўлса қулай пойабзал кийиб олиш.
- Оёқларни дам олдириш: Ҳар 1-2 соатда оёқларни чўзиш, енгил машқлар қилиш.
- Тўғри пойабзал танлаш: 5-7 см баландликдаги, кенг товонли ва оёқни мустаҳкам тутиб турувчи пойабзал танлаш.
- Ортопедик ичликлар: Махсус оёқ ичликлари босимни камайтиради ва оёқ шаклининг тўғри туришига ёрдам беради.
Баланд пошнали пойабзал аёлларга эстетик ва ўзига хос кўриниш бериши мумкин, аммо унинг танага таъсирини эътиборсиз қолдириш сурункали саломатлик муаммоларига олиб келади. Меъёрида ва эҳтиёткорлик билан кийилса, пошнанинг салбий оқибатлари камаяди, мунтазам ва узоқ вақт баланд пошнада юриш эса тиззалар, бел, бўйин ва оёқ соғлиғини хавф остига қўяди.
Мавзуга оид
17:09 / 04.12.2025
Йўтални дориларсиз кетказиш мумкинми?
15:18 / 04.12.2025
Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг янги молиявий инструментлари жорий этилади
01:36 / 01.12.2025
Юрак учун энг фойдали маҳсулотлар айтилди
16:06 / 29.11.2025