Спорт | 21:14 / 21.11.2025
5526
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2026 йилда FIFA Series футбол турнири ўтказилади

Мусобақада 4 та миллий жамоа, жумладан Ўзбекистон ҳам иштирок этади. Турнир санаси ва бошқа иштирокчилар номи ҳали эълон қилинмади.

Фото: UFA

2026 йил март ва апрел ойларидаги халқаро ўйинлар ойнаси давомида FIFA Series турнирларидан бири Ўзбекистонда ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) хабар берди.

Қайд қилинишича, мусобақада 4 та миллий жамоа, жумладан Ўзбекистон ҳам иштирок этади. Турнир санаси ва бошқа иштирокчилар номи ҳали эълон қилинмади.

Таъкидланишича, FIFA Series лойиҳасининг мақсади — футболчиларнинг, мураббийларнинг ва мухлисларнинг ривожланиш салоҳиятини очиш, шунингдек мазмунли ўйинлар орқали футболнинг универсаллигини ва хилма-хиллигини тарғиб қилишдир.

FIFA Series турнирлари илк маротаба 2024 йил март ойида ўтказилди. 4 та жамоа иштирок этган кичик мусобақаларга Жазоир, Озарбойжон, Саудия Арабистони, Миср ва Шри-Ланка мезбонлик қилган эди.

2026 йилдан FIFA Series аёллар ўртасида ҳам ўтказилади ва мусобақалар Бразилия, Кот-д'Ивуар ва Таиландда ташкил этилади.

Эркаклар ўртасидаги FIFA Series мусобақасига Ўзбекистондан ташқари Австралия, Озарбойжон, Индонезия, Қозоғистон, Маврикий, Пуэрто-Рико ва Руанда мезбонлик қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид