Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Катта шаҳарлардаги юраги кичкина одамлар
Катта шаҳарлар ҳамиша одамларни ўзгартириб юборади. У ерда бинолар ҳашаматли, виқорли кўринади. Инсонлар ҳам шунга мослашади, қудратли, салобатли бўлиб боради. Бироқ кишининг юраги кичрайиб кетади, руҳиятдан нимадир ғойиб бўлади. Бугун биз “5 дақиқа”да ўзбекнинг катта адиби Эркин Аъзам оламидан ўша ғойиб бўлган нарсани топамиз.
Ҳикояда икки болаликдаги дўст — шаҳарда ўқиган, катта ҳаётга мослашган шоир йигит ва қишлоқнинг беғубор ҳавосини ўзи билан кўтариб юрадиган, содда, беғам, самимий Рамазон ҳақида гап боради. Рамазон ҳар баҳор қишлоқдан келади — елкасида пачақ чамадон. У шаҳарга болаликни эслатадиган жайдари олмалари билан келади. Бу олмалар ҳикоянинг энг теран рамзларидан бири: улар кўримсиз, арзон, лекин шундай ширинки, инсоннинг аслини ёдига солади.
Рамазон ҳар келганида шаҳар ҳаёти мавж ургандай бўлади. У табиатан шўх, таъсирчан, беғубор инсон. Ким билан учрашса кулдиради, кимни кўрса қучоқлайди, бегона билан ҳам бир дақиқада дўст бўлади. Унинг ҳеч қандай ниқоби йўқ, қишлоқнинг тозалигини юрагида сақлаб юради.
У шаҳарга бегона
Шаҳар эса мутлақо бошқа олам. Инсонлар бу ерда қадамини эҳтиёт бўлиб босади, юзларда ҳеч қачон тўлиқ самимият кўринмайди. Муваффақият, манфаат, ҳисоб-китоб, “бошқалар нима дейди?” деган ўй-хаёллар ҳаётнинг маъносига айланган. Рамазон эса бу оламга мос эмас — у қанчалик ноёб одам бўлмасин, шаҳарликларга бегона.
Асарнинг бурилиш нуқтаси — Рамазоннинг “чайқовчи” сифатида қўлга олиниши. У бу айбни тушунмайди ҳам. Судда айтган ҳар бир гапи, ҳар бир хатоси унинг ҳаёт қонуниятларини тушунмаслигидан эмас, балки дунёдаги маккорликка ишонмаслигидан.
Унинг суд жараёни — ҳаётнинг айни ўзгинаси. Дунё содда одамларни ҳамиша тушунмаган. Судя ҳам Рамазондан бироз айёрроқ бўлишни талаб қилади, ёрдам бергиси келади. Бироқ ўша айёрликни у қабул қилса, сиз-у биздан фарқи қоладими? Унинг Рамазонлиги қоладими?!
“Чантриморе” - ўтмишда қолган овоз
Ҳикояда фожиа Рамазоннинг бошига тушмайди — фожиа унинг жўрасида.
У катта шаҳарда катта одам бўлиб кетган. Манфаатни, эҳтиёткорликни, ғалвали жойларга бурун суқмасликни, ўз йўлида жимгина яшашни ўрганиб олган. У Рамазонни яхши кўради, ҳатто ўзига яқин билади, лекин уни ҳимоя қилишга жасорати етмайди.
Ҳикоядаги жўра — бу ўзни йўқотиш рамзи. У ҳаётда ютади, лекин инсон сифатида ютқазиб боради. Рамазон унинг қалбининг бир бурчагида қолган, лекин бу бурчак жуда тор ва у ерда шамоллар эсмайди.
Рамазон қамалган жойдан жўрасига хат ёзади. Ҳар сафар биттагина сўз: “Чантриморе!” Бу болалик сўзи. Аниқ маъноси йўқ. Аммо англанувчи маъноси катта: “Биз ким эдик? Қайси дунёдан эдик? Мени унутма!” деган маъноларни беради.
Асар якунида жўра болаликдаги қўнғироқларни кутади. Рамазон қайта келишини истайди. Жайдари олмаларни соғинади. Жўраси яна ўша беғубор кулишлари билан келишини истайди. Йўқ. У келмайди.
Шаҳар одамни бой қилади, лекин баъзан энг қиммат нарсадан маҳрум этиб қўяди: поклик, самимият, беғуборлик.
Адибимиз Эркин Аъзам қишлоқ одамидаги соддалик — унинг камчилиги эмас, балки ҳаётнинг берган неъмати, демоқчи бўлади.
Хулоса
Тўғри, шаҳарларда катта одам бўламиз, вазифалар оламиз, исмларимизга унвонлар қўшилади. Бироқ шу улғайиш ичида биз ўз юрагимизни кичрайтириб қўямиз. Қалбимиздаги болалик, поклик, соддалик қаергадир кетади.
Рамазон — биз йўқотиб қўйган ибтидоий инсонийлик тимсоли. У камбағал, саводсиз, ҳаётнинг ғирром қоидаларини билмайди, лекин унинг қалбида инсонийлик тўла. Шунинг учун ҳам у “анойи”. Дарвоқе, ўзбек тилининг изоҳли луғатида “анойи” сўзига ўз ишига пухта бўлмаган, бировнинг сўзига лаққа учадиган, содда, деб изоҳ берилади.
Бугунги ғалвали, сохта дунёда мана шундай асарларни ўқиб туринг, маза қиласиз.
Исомиддин Пўлатов
Мавзуга оид
19:10 / 29.11.2025
“Кўринмас одам” - фан ҳаддидан ошганда нима бўлади?
20:50 / 15.11.2025
Ақлли одамлар ҳам оммага қўшилганда фикрлаш қобилиятини йўқотади. Нега?
16:40 / 08.11.2025
У одам ўлдирган, асирларни қиморга тиккан, лекин уни дунё ҳурмат қилади. Нега?
11:13 / 01.11.2025