Жаҳон | 08:33 / 22.11.2025
6176
3 дақиқада ўқилади

Трамп Зеленскийдан АҚШнинг «тинчлик режаси»ни маъқуллашни талаб қилди

Володимир Зеленский Украинадаги урушни тўхтатишга қаратилган, Вашингтонда ишлаб чиқилган «тинчлик режаси»ни 27 ноябрдан кечиктирмай маъқуллаши керак. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп жума, 21 ноябр куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбат чоғида билдирди.

Фото: REUTERS

«Биз тинчликка эришиш йўлини топганимизга ишонамиз. У (Украина президенти Володимир Зеленский – таҳр.) буни маъқуллашига тўғри келади. У нимагадир рози бўлишига тўғри келади», – деди Трамп.

Унинг сўзларига кўра, агар Зеленскийга АҚШ ташаббуси ёқмаса, у ҳолда Украина «шунчаки урушни давом эттириши керак» бўлади. «Менда кўп дедлайн бўлган, аммо агар ишлар яхши кетаётган бўлса, муддатлар, одатда, сурилади. Бироқ пайшанба (27 ноябр – таҳр.) — дедлайн», – деди Оқ уй раҳбари.

АҚШ Украина ҳукумати Вашингтон ишлаб чиққан урушни тартибга солиш режасини маъқулламаса, Киевни разведка маълумотлари ва қурол-яроғдан маҳрум этиши мумкинлиги ҳақида илгари Reuters агентлиги манбаларига таяниб хабар берган эди.

Зеленский эса «тинчлик режаси»га изоҳ берар экан, мамлакат фуқароларига йўллаган мурожаатида келаси ҳафта «жуда оғир» ва «ҳодисаларга жуда бой» бўлишини айтди. «Украина жуда мушкул танлов олдида қолиши мумкин: ёки қадр-қимматни йўқотиш, ёки энг муҳим ҳамкордан айрилиб қолиш хавфи. Ёки мураккаб 28 банд (Трампнинг «тинчлик режаси» – таҳр.), ёки ўта оғир қиш, энг оғир қиш ва кейинги хавфлар», – деди президент.

Украинадаги урушни тўхтатишга оид Трамп режаси ҳақидаги маълумот шу ҳафта маълум бўлди. Лойиҳадан қисман иқтибослар келтирган нашрларга кўра, Украина, жумладан, Россияга муайян ён босиши керак бўлади, АҚШ ва Европа эса мамлакатни тиклашни молиялаштириш мажбуриятини олади. Шунингдек, режага кўра, Россияга нисбатдаги санкциялар босқичма-босқич бекор қилинади, Москва ва Вашингтон узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолайди.

Режа Европада ҳам, украинлар орасида ҳам ижобий қабул қилинмади. Европа етакчилари орасида бу ҳужжатни Трамп билан биринчи бўлиб Германия канцлери Фридрих Мерц муҳокама қилди. У АҚШ президенти билан телефонда бўлиб ўтган суҳбатни «яхши ва махфий» деб атади.

Германия ҳукуматидаги манбалар маълумотларига кўра, Европа иттифоқчилари ҳозир ўзининг «воситачилик ҳужжати» устида иш олиб бормоқда, у ҳали келишув босқичида. G20 саммити доирасида, 22–23 ноябр кунлари Йоханнесбургда кейинги музокаралар ўтказилади. Уларда Мерцдан ташқари Франция президенти Эммануэл Макрон, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Италия бош вазири Жоржа Мелони ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид