Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Геннадий Головкин World Boxing президенти этиб сайланди
Қозоғистонлик афсонавий боксчи Геннадий Головкин World Boxing халқаро федерацияси президенти этиб сайланди.
Сайловга фақат Головкин қўйилди. Барча талабгорлар уч нафар мустақил экспертни ўз ичига олган верификация комиссияси текширувидан ўтказилди. Шунингдек, жараён спорт арбитражи билан шуғулланувчи Sport Resolutions халқаро ташкилоти томонидан назорат қилинди.
Головкин ягона номзод бўлгани учун унинг тасдиқланиши World Boxing низомига кўра Конгресс томонидан овоз беришсиз маъқулланди.
World Boxing - Халқаро Олимпия қўмитаси бир қатор муаммолар, жумладан, молиявий шаффофликнинг йўқлиги ва коррупция туфайли IBA (собиқ AIBA) ташкилотини тан олиш мақомидан маҳрум қилганидан кейин 2023 йилда ташкил этилган халқаро спорт ташкилоти.
Энди ҳаваскор бокс, жумладан, олимпия бокси World Boxing томонидан бошқарилади. 2024 йил сентябрь ойида Головкин ташкилотнинг Олимпия комиссияси раиси бўлди, кўплаб миллий федерациялар томонидан тан олиниши учун кўп ҳаракат қилди ва бокс 2028 йилги Ёзги Олимпия ўйинлари дастурида сақланиб қолди.
Головкин World Boxing президенти лавозимида нидерландиялик спорт функционери Борис ван дер Ворст ўрнини эгаллади.
Геннадий Головкин - Қозоғистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, 2003 йилги жаҳон чемпиони ва 2004 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори. Профессионал фаолиятида у 45 та жанг ўтказиб, 42 та ғалаба қозонган, шундан 37 тасини нокаут билан якунлаган, шунингдек, иккита мағлубият ва битта дуранг қайд этган. Головкин ўрта вазн тоифасида WBC, IBF, IBO ва WBA чемпионлик унвонларига эга бўлган, кетма-кет 23 та нокаут сериясини қайд этган ва ўрта вазн тоифасида рекорд даражадаги нокаутлар фоизи учун Гиннес рекордлар китобига киритилган.
2024 йил февралидан бери Головкин Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.
Мавзуга оид
20:25 / 10.06.2026
Қозоғистонда жинсий зўравонлик жиноятлари тергови аёл терговчиларга топширилади
18:53 / 10.06.2026
Қозоғистон Россия газининг Ўзбекистонга транзитини оширишга тайёрлигини маълум қилди
14:02 / 09.06.2026
Қозоғистонда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
00:26 / 08.06.2026