Иқтисодиёт | 14:33 / 24.11.2025
4344
2 дақиқада ўқилади

“10 ойда 15,5 трлн сўмлик утилизация йиғими тўланмаган” – Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакиров утилизация йиғими фақат импорт ва рақобатга қарши воситага айланиб қолганига эътибор қаратди. «Хитойдаги нархи 7745 доллардан бошланадиган Seagull учун 4120 доллар утилизация йиғими тўланади. Автомобил қийматининг 53 фоизи. Айни пайтда ички ёнув двигателли Damas учун яширин қарор билан утилизация йиғими тўланмайди. Қани бу ерда мантиқ?» дея ёзди у. 

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 10 ойида 370 мингта автомобил ишлаб чиқарилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, ҳукумат қарорида барча ишлаб чиқарувчилар худди импортчилар каби автомобиллар учун утилизация йиғими тўлашга мажбур этиб белгиланганига қарамай, яширин қарор ва протоколлар воситасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар утилизация йиғими тўлашдан озод қилинган. Шунинг учун утилизация йиғими фақат импортга ва рақобатга қарши воситага айланиб қолган (ўтган 5 йилда бирорта утилизация мажмуаси бунёд этилмагани алоҳида муаммо).

«Тасаввур қилинг, монополист ва маҳаллийлаштирувчи чайқовчиларда яширин имтиёз бўлмаганида улар 10 ой учун камида 15,5 трлн сўм утилизация йиғими тўлаши лозим бўларди. Келаси йилдан утилизация йиғимининг бир қисми Миллий экология қўмитасига бориб тушиши инобатга олинса, янги супертузилма бу муаммога алоҳида эътибор бериши ва утилизация йиғимини ундиришда адолатли ёндашувни таъминлаш бўйича ўзгаришлар қилиши керак бўлади», дея ёзди иқтисодчи.

Бакировнинг қўшимча қилишича, Хитойдаги нархи 7745 доллардан (93 миллион сўм) бошланадиган Seagull учун 4120 доллар (49,4 миллион сўм) утилизация йиғими тўланади (автомобил қийматининг 53 фоизи).

«Арзон ва экологик электромобиллар учун утилизация йиғими аждарҳо бождан баттар тўсиққа айланган. Бутун Ўзбекистон иқтисодиёти ва табиати учун зарарли бу тўсиқ битта контора — ўзи утилизация йиғимидан озод бўлган чайқовчи монополист манфаатлари учун қилинган. Айни пайтда 40 йилдан бери чиқаётган, ички ёнув двигателли Damas учун яширин қарор билан утилизация йиғими тўланмайди. Қани бу ерда мантиқ?

20 йил аввал Хитойнинг, айниқса пойтахт Пекиннинг экологияси ҳозирги Тошкентникидан баттар бўлган. Улар қандай қилиб экологияни мувозанатлай олди? Биринчи навбатда тўғри иқтисодий қарорлар ва иқтисодий рағбатлар билан. Хусусан ёппасига электромобиллаштириш ҳисобига», дея ёзди у.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид