Жаҳон | 15:35 / 24.11.2025
3416
5 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондонини ўлдирди

Исроил армияси 23 ноябр куни Ливан пойтахтидаги кўп қаватли уйга зарба бериб, 5 кишини ўлдирди. IDFʼга кўра, нишон – «Ҳизбуллоҳ бош штаби раҳбари» Али Табтабаий бўлган. Гуруҳ қўмондоннинг ўлимини тасдиқлади ва «муносиб жавоб масаласи» кўрилаётганини билдирди.

Фото: AP

Исроил 23 ноябр куни Ливан пойтахти Байрутга зарба берди. Исроил армияси баёнотига кўра, июн ойидан бери Байрутга берилган илк зарбада «Ҳизбуллоҳ бош штаби раҳбари» Ҳайсам Али Табтабаий ўлдирилган. Шунингдек, Исроил гуруҳга – қайта қуролланмаслик ва тикланмаслик ҳақида огоҳлантирув юборди.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Байрутнинг жанубий чеккасидаги кўп қаватли уйга берилган зарба оқибатида беш киши ҳалок бўлди ва 25 кишини яралади.

Фото: AP

AP нашрининг ёзишича, зарбадан олдин эвакуация огоҳлантируви берилмаган. Бир кўп қаватли уйнинг тўртинчи қавати зарар кўрган. Фавқулодда хизматлар етиб келганда оломонни тарқатиш учун ўқ овозлари эшитилди. Портлаш тўлқини ва уйнинг парчалари пастдаги бекатдан турган кўплаб автомобилларга зарар етказган.

Фото: Reuters

Нашрга кўра, нишонга олинган бино яқинида Исроил дрони учиб юрган эди.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Табтабаийни Ҳизбуллоҳнинг қайта қуролланиш ҳаракатларига раҳбарлик қилганликда айблади.

«Биз шимолий ҳудуд аҳолиси ва Исроил давлатига ҳар қандай таҳдиднинг олдини олиш учун қатъий ҳаракат қилишда давом этамиз», деди Исроил мудофаа вазири Исроил Кац. Ҳарбийлар Ливан чегарасига яқин Шимолий Исроил аҳолиси кундалик ҳаётини давом эттириши мумкинлигини билдирди. Бу – Ҳизбуллоҳнинг ҳарбий жавоби кутилмаётганидан дарак беради.

Ҳизбуллоҳнинг жавоби

Ҳизбуллоҳ Али Табтабаийнинг ўлимини тасдиқлаб, уни «буюк қўмондон» сифатида ёдга олди. Гуруҳ қўмондоннинг «ҳаётининг охирги онигача исроиллик душманга қарши курашгани»ни таъкидлаган. Бироқ унинг аниқ лавозим ва вазифалари батафсил очиқланмади.

Фото: Reuters

Reuters нашрининг ёзишича, Табтабаий 2024 йил сентябр ойида Исроил ҳужумларида ўлдирилган Иброҳим Ақилнинг вориси эди. Ўша ҳужумларда Ҳизбуллоҳ раҳбарияти, жумладан, узоқ йиллар раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳ ҳам йўқ қилинган эди.

Табтабаий шунингдек, Ҳизбуллоҳнинг элита Развон бўлинмасига бошчилик қилган. 2016 йилда АҚШ уни хориждаги Ҳизбуллоҳ махсус кучларини бошқарган ҳарбий етакчи сифатида террорчи деб эълон қилган. Шунингдек, у ҳақидаги маълумот учун 5 миллион долларгача мукофот белгиланганди.

«Ҳизбуллоҳ раҳбарияти муносиб жавоб масаласини кўриб чиқмоқда ва тегишли қарорни қабул қилади», деди Ҳизбуллоҳ сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Қомати. Шунингдек, Қомати бу зарба «қизил чизиқ»ни кесиб ўтганини, жавоб қандай шаклда бўлиши ҳақида қарор қабул қилинишини айтган. «Бугунги жанубий чеккаларга қилинган зарба бутун Ливан бўйлаб ҳужумлар кучайиши учун эшик очмоқда».

Ливан президенти Жозеф Аун эса зарбани қоралашини билдирди ҳамда Исроилни сулҳ шартларига риоя қилмасликда айблади. У халқаро ҳамжамиятни «Ливан ва унинг халқига қилинган ҳужумларни тўхтатиш учун қатъий ва жиддий аралашувга» чақирди.

Ҳужумлар кучаймоқда

Сўнгги ҳафталарда Исроилнинг Жанубий Ливандаги ҳаво ҳужумлари кучайди. Шу билан бирга Исроил ва АҚШ Ливанни Ҳизбуллоҳни қуролсизлантиришга босим қилмоқда. Исроил бу гуруҳ ҳарбий салоҳиятини қайта тикламоқчи, деб даъво қилиб келади. Ҳизбуллоҳни қуролсизлантиришни қўллаб-қувватлайдиган Ливан ҳукумати эса бу айбловларни рад этади.

Фото: Reuters

Ливан ҳукумати жанубга қўшин жойлаштирган, бироқ маблағи кам армияга қўшимча ресурслар керак.

Сўнгги Исроил–Ҳизбуллоҳ уруши 2023 йил октябрда, Ғазодаги урушдан кейин бошланди. Сўнгги йилларда Ҳизбуллоҳ иштирокидаги энг йирик тўқнашувда 4 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлди. 2024 йил ноябрга келиб, АҚШ воситачилигида сулҳ тузилди.

Шунга қарамай, Исроил Ливанга ҳужумларни тўхтатмаяпти. Хусусан, сешанба куни Исроил зарбаси оқибатида Ливандаги фаластинлик қочқинлар лагерида 13 киши вафот этди. Бу сулҳ эълон қилинганидан бери энг ҳалокатли зарба бўлди.

Ҳизбуллоҳ эса сулҳ бошланганидан бери Исроилга деярли ҳужум қилмаган. Декабр ойида у бир нечта ракета отган, улар Исроил ҳарбий базаси яқинидаги бўш ҳудудга тушган. Бу «огоҳлантириш» сифатида талқин қилинган. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид