Жаҳон | 21:27 / 24.11.2025
7791
5 дақиқада ўқилади

Женевадаги музокараларда АҚШ тинчлик режасига тузатишлар киритилган

Марко Рубио бу Трамп урушни тўхтатишга уринишларини бошлаганидан буён «энг самарали» учрашув бўлганини айтди.

Фото: Fabrice Coffrini / AFP / Scanpix / LETA

Женевада АҚШ, Украина ва Европа давлатларининг Доналд Трампнинг тинчлик режаси муҳокамасига бағишланган музокаралари бўлиб ўтди.

Музокара иштирокчиларининг ОАВ учун изоҳларида ижобий кайфият ҳукмрон. Хусусан, АҚШ давлат котиби Марко Рубио бўлиб ўтган учрашув Трамп урушни тўхтатишга уринишларини бошлаганидан буён «энг самаралиси» бўлганини айтди. Украина делегациясига раҳбарлик қилган президент офиси раҳбари Андрей Ермак ҳам мулоқотни «жуда самарали» деб атади.

Учрашув иштирокчиларидан ҳеч бири унда эришилган келишувлар ҳақида аниқ гап айтмади. «РБК-Украина» манбаларига кўра, музокараларда делегациялар Америка режасининг дастлабки версиясидаги аксарият бандлар бўйича келишиб олишга ва мунозарали масалаларнинг «сезиларли қисми»га тузатишлар киритишга муваффақ бўлган, улар орасида Запорижжя атом электр станцияси келажаги ва Украина қуролли кучлари ҳажми масаласи ҳам бор. Нашр ушбу тузатишлар моҳиятига аниқлик киритмаган.

Нашрнинг ёзишича, делегациялар ҳудудий масалалар ва Украина ва НАТОнинг келгусидаги муносабатлари масаласини Доналд Трамп ва Володимир Зеленский ўзаро муҳокама қилиши учун қолдиришга қарор қилган. Улар шу ёки кейинги ҳафтада учрашув ўтказиши мумкин – бу ҳақда ҳали расман эълон қилинмади.

Женевадаги музокараларда Буюк Британия, Франция ва Германия томонидан тайёрланган муқобил тинчлик режаси ҳам тақдим этилди – уни The Telegraph газетаси ва Reuters агентлиги эълон қилди. Дастлаб, иккала нашрнинг версиялари бир-биридан сезиларли даражада фарқланган, аммо кейинчалик The Telegraph ўз материалини таҳрирлади ва бу версия Reuters нашридагига максимал даражада яқинлашган.

Умуман олганда, Европа таклифлари Трамп режасига асосланади, аммо бир қатор муҳим фарқларни ўз ичига олади. Хусусан, ундаги ҳудудлар бўйича музокараларни ўт очиш тўхтатилганидан сўнг, фронтнинг ҳозирги чизиғига асосланган ҳолда олиб бориш таклиф қилинмоқда, Украинанинг НАТОга қўшилиши эса тўғридан тўғри тақиқланмайди, балки «алянс аъзоларининг консенсусига боғлиқ бўлади». Европа режасида Украина қуролли кучларидаги ҳарбийлар сонини 600 эмас, балки 800 минг киши чегарасига ошириш таклиф қилинган.

Музокараларда иштирок этган мамлакатлар етакчилари бугун дастлабки изоҳларни беришди. Украина президенти Володимир Зеленский Украина «ҳал қилувчи паллада» эканини айтди. «Биз Россиянинг Украинага қарши уруши тугашини яқинлаштириши ва барчага ҳақиқий хавфсизлик олиб келиши мумкин бўлган қадамларни аниқлаб олиш учун Қўшма Штатлар, европалик ҳамкорлар ва бошқалар билан жуда яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз», – деди у миллий телемарафон эфирида.

Трамп эса «қандайдир яхши иш рўй бериши мумкинлиги»ни айтди. «Наҳотки Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларида катта ўсишга эришилган бўлса? Кўрмагунингизча ишонманг, аммо қандайдир яхши иш содир бўлиши мумкин», – деб ёзди АҚШ президенти ўзининг Truth ижтимоий тармоғида.

Financial Times нашрининг муҳокамалар жараёнидан хабардор манбалари Женевадаги музокараларда тинчлик режаси сезиларли даражада қайта кўриб чиқилгани, ундан тўққизта банд олиб ташланиб, 28 банддан 19 бандга қисқартирилганини хабар қилди. Қайси бандлар олиб ташланганига аниқлик киритилмаган, бироқ бу Киев ва унинг европалик иттифоқчилари ҳужжатдаги бир қатор талабларни номақбул деб топгани ортидан рўй берди.

«Ҳамма кўрган 28 бандли тинчлик режаси энди мавжуд эмас. Баъзи бандлар олиб ташланди, баъзилари ўзгартирилди», деб тасдиқлади Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Олександр Бевз. Унинг таъкидлашича, «Киевнинг бирорта эътирози эътиборсиз қолдирилмаган».

Москвадагилар ҳамон Трамп режаси устида олиб борилаётган ишларга муносабат билдиришдан тийилмоқда. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бугун Россия расмий каналлар орқали Женевадаги музокаралар якунлари бўйича АҚШдан ҳеч қандай маълумот олмаганини айтди. Шу билан бирга, Песков Кремл «албатта, ОАВдаги хабарларни жуда диққат билан кузатиб бориши»ни қўшимча қилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид