Ўзбекистон | 22:52 / 24.11.2025
3379
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда судялар ва суд ходимлари куни белгиланади

Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормалари суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқилади. Судялар корпусида гендер тенгликни таъминлаш мақсадида Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда ҳар йили хотин-қизлар учун квота ажратилади.

Фото: Getty images

Судялар ва суд ходимлари куни белгиланади. Бу ҳақда президентнинг “Судялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида келтириб ўтилди.

Ҳужжатда Судялар олий кенгаши, Олий суд ва Бош прокуратурага икки ой муддатда қуйидагилар бўйича таҳлилий маълумотнома киритиш топширилган:

  • адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарганлик учун жавобгарликни белгиловчи қонунчилик нормаларини суд мустақиллигига оид халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш;
  • кенгаш аъзоларининг суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш;
  • судялар ва суд ходимлари кунини белгилаш.

Ҳужжат билан Судялар олий кенгаши ва Олий суднинг судьяга нисбатан интизомий иш кўриб чиқишда унинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини тақдим этиш, қуйи судялик лавозимига ўтказиш интизомий жазо чорасини жорий этиш, интизомий жазо амалда бўлган вақтда юқори судялик лавозимига тавсия этилмаслик, судяни интизомий жавобгарликка тортиш асосларининг мезонларини белгилаш каби таклифлари маъқулланган.

Шунингдек, Судялар корпусида гендер тенгликни таъминлаш мақсадида Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилишда ҳар йили кенгаш томонидан хотин-қизлар учун квота белгилаш назарда тутилмоқда.

Суд тизимида камида беш йиллик меҳнат тажрибасига ва илмий салоҳиятга эга судялар қонунчиликда белгиланган тартибда Одил судлов академиясига профессор-ўқитувчи лавозимига тайинланганда академиядаги фаолияти тугагандан сўнг унинг муқаддам ишлаган судялик лавозимида ишни давом эттириши, бўш турган судялик лавозими бўлмаган тақдирда, розилиги билан аввалгисига тенг бошқа судялик лавозимига ўтказилиши белгиланмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид