Жаҳон | 13:00 / 24.11.2025
2739
3 дақиқада ўқилади

Россияда «террористик жиноятлар» сони рекорд даражага етди

2025 йил январ–сентябр ойларида Россияда 4467 та «террористик хусусиятга эга жиноят» қайд этилди, деб ёзади ТАСС РФ Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб. Бу — сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич.

Фото: AP

Россияда 2025 йил январ–сентябр даврида қайд этилган «террористик хусусиятга эга жиноятлар» сони сўнгги йиллар учун максимал даражага етди. Бу ҳақда якшанба, 23 ноябр куни ТАСС агентлиги ўз ихтиёрига тушган РФ Ички ишлар вазирлиги материалларига таяниб хабар берди.

«2025 йил январ–сентябр ойларида 4467 та террористик хусусиятга эга жиноят қайд этилган», — деб ёзади журналистлар ўрганилган материалларга таяниб. Таққослаш учун: ушбу маълумотларга кўра, 2024 йилнинг худди шу даврида РФ ИИВ 2,6 минг шундай жиноятни қайд этган. 2023 йил январ–сентябр ойларида эса бундай жиноятлар 1713 та бўлган. Шу билан бирга, 2022 йилнинг дастлабки тўққиз ойида улар 1818 тани ташкил этгани маълум қилинди.

ТАСС изоҳлашича, террористик хусусиятга эга жиноятларга фақат терактларгина эмас, балки террористик фаолиятга кўмаклашиш, унга очиқча даъват қилиш ва молиялаштириш ҳам киради. Шунингдек, ушбу тоифага гаровга олиш, террористик жамоа ёки ташкилот тузиш ва унда иштирок этиш, шунингдек, террористик йўналишдаги тайёрланаётган жиноятлар ҳақида хабар бермаслик ҳам киритилади.

Россия Федерацияси Жиноят кодексига кўра, экстремистик йўналишдаги жиноятларга сиёсий, идеологик, ирқий, миллий ёки диний адоват ёхуд душманлик асосида, шунингдек ҳар қандай ижтимоий гуруҳга нисбатан адоват ёки душманлик мотиви билан содир этилган жиноятлар киради.

The Moscow Times онлайн-нашри ёзишича, 2025 йил октябр ойи охирига келиб Росфинмониторингнинг «террористлар» ва «экстремистлар» реестрида 18 771 нафар киши бўлган.

«Новая газета. Европа» онлайн-нашри ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошидан буён расмий идора ушбу рўйхатга ҳар ойда ўртача 250–300 кишини қўшиб борган. Масалан, 2022 йилда Росфинмониторинг «террористлар» ва «экстремистлар» рўйхатига 1,4 минг кишини, 2023 йилда — 1,8 минг кишини, 2024 йилда эса 3,2 минг кишини киритган, 2025 йил январ–октябр даврида реестр яна 3031 киши билан тўлдирилган. «2024 йилдан бошлаб Росфинмониторинг йилига тахминан 3 минг “террорист ва экстремист”ни рўйхатга қўшмоқда, уруш (Россиянинг Украинага қарши уруши — таҳр.) бошланишида эса бу рўйхат икки баробар секин суръатда кенгаяётган эди», — дея хулоса қилади мақола муаллифлари.

2021 йил июн ойида Россияда ҳозир марҳум мухолифатчи Алексей Навалний томонидан тузилган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК) «экстремистик ташкилот» деб эълон қилинган эди. Шу қарордан сўнг мамлакатда ушбу жамғарма фаолияти учун хайрия қилган шахсларни «экстремизмни молиялаштириш» моддалари бўйича таъқиб қилиш бошланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид