Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси фаолияти билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш мақсадида Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Ташриф Имом Бухорий зиёратгоҳини зиёрат қилишдан бошланди.
25 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ишчи ташриф буюрди. Ташриф доирасида давлат раҳбари аввало Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилди, дуо ўқилди.
Президент ташаббуси билан сўнгги йилларда мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи ва улкан илмий салоҳиятига муносиб равишда тубдан қайта бунёд этилди. Умумий майдони 45 гектарни ташкил этувчи ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари барпо этилган. Зиёратгоҳнинг тўрт бурчагида қад ростлаган 75 метрлик миноралар мажмуага алоҳида маҳобат бағишлайди.

Зиёратгоҳ фақат зиёрат маскани эмас, балки илм-маърифат, тарбия ва ибрат маркази сифатида ҳам фаолият юритмоқда. Шу мақсадда мажмуада инновацион музей ташкил этилган бўлиб, у ислом оламида “муҳаддислар султони” дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий мероси ва ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини замонавий шаклда намоён этади.
Агар аввал мажмуа бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда 65 минг нафар меҳмонга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Зиёратгоҳ атрофида 570 миллиард сўм маблағ эвазига меҳмонхоналар ва савдо-сервис нуқталари барпо этилган. Жумладан, 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхона ҳамда 22 та оилавий меҳмон уйи қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланган, ҳудуд ободонлаштирилган. 2026 йилга қадар кўкаламзорлаштириш ишларини янада кенгайтириш ва автотураргоҳлар ташкил этиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари Имом Бухорий зиёратгоҳини халқ бой маънавий мероси ва бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этди. Мажмуада олиб борилаётган сўнгги ободонлаштириш ишларини сифатли ва ўз вақтида якунлаш, зиёратчилар учун янада қулай шароит яратиш юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
18:54 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида Хитой билан ҳамкорликда автомобил ишлаб чиқарилади
18:29 / 04.12.2025
Гулистондаги портлашда ҳалок бўлганлар оиласига 100 млн сўмдан берилади
17:56 / 04.12.2025
Сирдарё вилоятида «Султонҳовуз» сув омбори қурилади
15:09 / 04.12.2025