Жамият | 11:22 / 26.11.2025
8777
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда маст ҳолда безорилик қилган шахс қўлга олинди

У тунда фуқароларнинг тинчлигини бузгач, ошхона ишчилари ИИВнинг «ташвиш тугмаси» орқали тезкор гуруҳни чақирган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда Malibu ҳайдовчиси маст ҳолатда автомобил бошқариб, одамларни сўкиб юргани айтилган видео тарқалди. Хабарда у гўёки ички ишлар ходимларига ҳам қаршилик кўрсатиб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали қутулиб кетгани айтилган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz’га ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳолат Миробод тумани Чимкент кўчасида рўй берган, айни вақтда безори қўлга олинган ва иш судга оширилган.

«Жорий йилнинг 25 ноябр куни соат 23:06 ларда, Миробод тумани, Чимкент кўчасида жойлашган «Патрики» номли ошхона ишчилари томонидан, шу жойда ИИВ томонидан ўрнатилган “ташвиш тугмаси” орқали Миробод тумани Қўриқлаш бўлимига бир фуқаро маст ҳолда жанжал қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Соат 23:10 ларда тунги хизматга жалб қилинган туман Қўриқлаш бўлими тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи ходимлари воқеа жойига етиб келганда, 1991 йилда туғилган фуқаро А.А. ошхона олдида маст ҳолатда жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қаддан менсимасдан, фуқароларнинг тинчлигини ва жамоат тартибини бузаётгани аниқланиб, мазкур фуқаронинг ҳуқуқбузарлигини бартараф этиш жараёнида, Қўриқлаш бўлими ходимларининг қонуний талабини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатгани сабабли, унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жисмоний куч ишлатилиб, фуқаро зарарсизлантирилган ва туман ИИБга топширилган»,  дейилади изоҳда.

Ҳозирда Миробод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183 ва 194-моддалари билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаронинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суд органларига топширилган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид