Жаҳон | 22:54 / 27.11.2025
2668
2 дақиқада ўқилади

Навалний асос солган ФБК Россияда «террорчи ташкилот» деб тан олинди

Россия Олий суди Бош прокуратура даъвоси билан Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) юридик шахсини «террорчилик ташкилоти» деб эълон қилди. Навалнийнинг сафдошлари бу қарорни ноқонуний деб атади ва ишлашда давом этишини айтди.

Фото: Reuters

Россия Олий суди 27 ноябр куни Бош прокуратура даъвосига кўра, Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК) - Anti-Corruption Foundation, Inc. (АҚШ) юридик шахсини «террорчилик ташкилоти» деб эълон қилди. Энди Алексей Навалний асос солган ташкилот билан боғлиқ ҳар қандай фаолият Россияда террорчилик фаолияти сифатида баҳоланади. Бундан ташқари, жиноий модда бўйича айбловни ҳатто ташкилотни қўллаб-қувватлашга чақирганлик учун ҳам олиш мумкин бўлади. Ташкилотга қилинган хайриялар учун 8 саккиз йил ўрнига 15 йилгача қамоқ жазоси таҳдид солади.

Навалнийнинг сафдошлари фаолиятини давом эттиришга ваъда берди.

«Биз террорчи эмасмиз ва буни ҳамма тушунади. Буни биз ва тарафдорларимиз яхши тушунамиз. Бундай қарорларни имзолаётганлар ҳам буни яхши тушунади. Террорчилар Владимир Путин ва унинг малайлари - урушни бошлаган, тинч аҳоли ва сиёсий рақибларни ўлдираётган, одамларни қамоққа тиқаётганлардир. Биз ишлашда давом этамиз. Тергов қилиш, ҳақиқатни айтиш, сиёсий маҳбусларга ёрдам бериш - Россия озод бўлиши учун қўлимиздан келганини қиламиз», дейилади «Команда Навалний» Телеграм-каналида эълон қилинган постда.

Навалний жамоаси ўз тарафдорларини Россия ҳукуматидан қўрқмасликка ва ФБКни - ҳам маънавий, ҳам имконият бўлса, молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.

Коррупцияга қарши кураш фонди (ФБК, Фонд борьбы с коррупцией) Россия элитасига бағишланган бир нечта шов-шувли суриштирувларни эълон қилган. Хусусан, 2021 йил январь ойида Геленжик яқинида Владимир Путин учун қурилаётган сарой ҳақидаги фильм YouTube’да бир неча кун ичида 75 миллиондан ортиқ марта кўрилди.

Россия Адлия вазирлиги 2019 йил октябрь ойида ФБКни «чет эл агенти», деб тан олган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид