Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй яқинида отишма: афғонистонлик муҳожир миллий гвардиячиларни ўққа тутди
Вашингтон марказида, Оқ уй яқинида жойлашган Фаррагут майдони ва Farragut West метро бекати яқинида икки нафар АҚШ Миллий гвардияси (Ғарбий Виржиния штати контингенти) хизматчисига ўқ узилди. Расмийлар ҳужумни миллий гвардиячиларга қасддан амалга оширилган суиқасд деб баҳоламоқда.
Фото: AP
Маълумотларга кўра, ҳужумчи миллий гвардиячиларга яқинлашиб, аввал унга энг яқин турган ҳарбийга бир неча марта ўқ узган, шундан кейин автобус бекати ортига яширинишга уринган иккинчи гвардиячини ҳам яралагани айтилмоқда. Ҳарбийлардан бири жавоб ўқи билан ҳужумчини зарарсизлантирган. Ҳодиса вақтида умумий ҳисобда ўндан ортиқ ўқ овози эшитилгани хабар қилинган.
Икки нафар миллий гвардиячи оғир, «критик» аҳволда касалхона жонлантириш бўлимига етказилган. ОАВ маълумотларига кўра, улардан камида бири бошидан оғир яраланган. Ҳужумчи ҳам отишма пайтида жароҳат олган, аммо расмийлар унинг ҳаётига бевосита хавф йўқлигини, у қўлга олингани ва шифохонага олиб кетилганини қайд этмоқда.
Терговга яқин манбалар маълумотича, гумонланувчи Афғонистон фуқароси Раҳмонулло Л. экани аниқланган. ФТБ (FBI) унинг бармоқ излари ва бошқа маълумотларини базалар билан солиштириб, 2021 йили Афғонистондан АҚШга келгани, аввал Вашингтон штатида яшагани ва 2024 йилда сиёсий бошпана сўраб ариза топширганини билдирган, бошпана 2025 йил бошида берилгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Ички хавфсизлик идоралари ҳозирда унинг биографияси, алоқалари ва эҳтимолий радикаллашуви бўйича қўшимча текширувлар ўтказмоқда.
Дастлаб айрим Америка ОАВ ва Ғарбий Виржиния штати губернатори Патрик Морриси миллий гвардиячилар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган, аммо кейинроқ у маълумотлар хато бўлганини айтди ва ҳарбийлар тирик, лекин жуда оғир аҳволда эканини тасдиқлади.
Президент Доналд Трамп ҳодисани «террор акти» деб атади ва Truth Social ижтимоий тармоғида ҳужумчини «ҳайвон» деб таърифлаб, унга қаттиқ жазо берилишини билдирди. Шу билан бирга, Трамп Пентагондан Вашингтонга қўшимча 500 нафар миллий гвардиячи юборишни сўради, бу аввалдан пойтахтда хизмат ўтаётган мингдан ортиқ ҳарбийларга қўшимча бўлади. Мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам президент қарорини қўллаб-қувватлади.
Вашингтон мэри Мюриэл Баузер ва ФТБ директори Кэш Пател ҳужумни кескин қоралаб, ҳозирча аниқ мотив номаълумлигини, тафсилотлар тўлиқ ўрганилаётганини маълум қилди. Вице-президент Жей Ди Вэнс халқни хотиржамликни сақлашга чақирар экан, жароҳат олган ҳарбийлар учун дуо қилишни сўради.
Ҳодиса юз берган ҳудуд – Фаррагут майдони атрофидаги кўчалар полиция томонидан вақтинча ёпилди, метро чиқишларида ва Оқ уй атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Тергов идоралари ҳужумчи ёлғиз ҳаракат қилган-қилмагани, шунингдек, унинг эҳтимолий террорчилик гуруҳлари билан боғлиқлиги бор-йўқлигини аниқлашга уринмоқда.
Мавзуга оид
09:44 / 03.12.2025
Оқ уй яқинидаги отишмада айбланаётган афғонистонлик айбини тан олмади
16:06 / 01.12.2025
Оқ уй сайтида ОАВ учун “шармандалар зали” очилди
16:14 / 27.11.2025
“Ёвузлик ва террор учун энг катта нархни тўлаттирамиз” – Вашингтондаги отишмадан кейин нималар маълум?
21:20 / 21.10.2025