Ўзбекистон | 14:56 / 27.11.2025
1145
1 дақиқада ўқилади

Сомалининг Ўзбекистондаги биринчи элчиси аккредитациядан ўтди

2025 йил 27 ноябр куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Сомалининг мамлакатдаги биринчи элчиси Фатхудин Али Моҳамеднинг ишонч ёрлиқларини қабул қилди. Томонлар кўплаб истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга содиқликни тасдиқлади.

Фото: Telegram / bakhtiyor_saidov

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Сомали Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги биринчи элчиси Фатхудин Али Моҳамедни қабул қилди.

Учрашув чоғида элчи Фатхудин Али Моҳамед ўзининг ишонч ёрлиқларини топширди. ТИВ раҳбари ушбу воқеани икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ривожида муҳим қадам сифатида қайд этди.

Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналидаги хабарда Сомалининг Ўзбекистондаги биринчи элчиси ишонч ёрлиқларини топширгани, мулоқот чоғида мамлакатлар ўртасидаги кўплаб истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлик билдирилганини таъкидлади.

Учрашув якунида элчи Фатхудин Али Моҳамедга масъулиятли дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тиланди. Томонлар ўзаро ишонч ва ўзаро манфаатли шериклик руҳида самарали ва натижага йўналтирилган ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид