Жамият | 14:45 / 28.11.2025
1439
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада 1,5 млрд сўмлик ҳужжатсиз дори савдoси фош этилди

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ўзига тегишли нотурар бинода ҳужжатларсиз чакана дори савдоси билан шуғулланаётган пайтида фош этилди. Ундан умумий қиймати 1 млрд 565 млн сўмлик, асосан ҳужжатсиз дори воситалари топилди.

Фото: ДХХ

Маълум қилинишича, фуқаро тадбиркор сифатида расман давлат рўйхатидан ўтмасдан, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида жойлашган ўзига қарашли нотўғри мақсадда фойдаланилаётган нотурар бинода тегишли рухсат ва ҳужжатларсиз тиббий дори воситаларини чакана сотиб келган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу манзил кўздан кечирилди.

Текширув натижасида бинода жами 66 турдаги 41 319 дона дори воситалари борлиги аниқланди, шулардан 56 турдаги 36 361 дона дори воситасининг мувофиқлик сертификатлари мавжуд эмаслиги маълум бўлди, дори воситаларининг умумий қиймати 1 млрд 565 млн сўм этиб баҳоланди.

Дорилар тегишли шароитлар талабларига тўла жавоб бермайдиган ҳолда сақлангани ҳам қайд этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддаси 3-қисми “а” банди (сифат талабларига жавоб бермайдиган ёки белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган дори воситалари билан ноқонуний муомала) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид