Жаҳон | 07:33 / 28.11.2025
3334
2 дақиқада ўқилади

Канадада янги рекорд: Pinnacle SkyTower мамлакатдаги энг баланд бинога айланди

Канадада янги турар жой осмонўпар биноси рекорд ўрнатиб, мамлакатдаги энг баланд бино мақомини қўлга киритди — қолаверса, у ҳали тўлиқ қуриб ҳам бўлинмаган. Pinnacle SkyTower деб номланган ушбу иншоот қурилиш якунлангандан сўнг Торонто шаҳрида 351,85 метрлик ултрабаланд чўққига етади.

Фото: Hariri Pontarini Architects

Осмонўпар бино лойиҳаси Hariri Pontarini Architects бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирча бино 100 қаватдан иборат, якунда эса 106 қаватгача кўтарилади. Унинг баландлиги бир неча ой мобайнида «Канададаги энг баланд бино» унвонини сақлаб турган Foster and Partners томонидан лойиҳалаштирилган One Bloor West минорасини ортда қолдирди.

Албатта, ён-атрофда машҳур CN Tower телеминораси қад кўтариб турибди, аммо у иншоот сифатида таснифланади, бино эмас — шу сабабли бевосита таққослашда ҳисобга олинмайди. Кўлам, миқёс ва ҳажмни ҳис этиш учун: янги осмонўпар бино Ғарбий Европадаги исталган бинодан анча баланд, агар у АҚШда жойлашган бўлганида, мамлакатдаги энг баланд бинолар расмий рейтингининг 12-ўрнини эгаллаган бўлар эди.

Pinnacle SkyTower Онтарио кўли ва Торонто панорамаларига, жумладан машҳур CN Tower телеминорасига қараган манзараларга эга бўлади. Бино нозик силуети ва юқори томон тортилиб борувчи аэродинамик шакли билан ажралиб туради, унинг тана қисми 12 та қиррадан иборат — бундай дизайн кучли шамолларга барқарор туришга ёрдам беради.

106 қаватда жами 958 та турар жой аппартаментлари, шунингдек, Le Meridien Toronto Pinnacle номли янги меҳмонхона жойлашади. Балконлар 88-қаватгача ўрнатилади, «полдан шифтгача» панорамали деразалари эса Онтарио кўли ва шаҳар горизонтига ҳайратомуз манзаралар тақдим этади.

Девелопер маълумотларига кўра, лойиҳа 2026 йилда якунланиб, шу йилнинг ўзида биринчи кўчиб кирувчиларни қабул қила бошлаши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид