Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй яқинидаги отишмадан сўнг АҚШ Миллий гвардияси хизматчиси ҳалок бўлди
Вашингтондаги отишмада яраланган миллий гвардиячилардан бири вафот этгани ҳақида Трамп хабар берди. Иккинчи яраланган ҳарбий эса «ҳаёти учун курашмоқда».
АҚШ Миллий гвардияси хизматчиси Сара Бекстром Вашингтонда Оқ уй яқинида рўй берган отишма оқибатида олган жароҳатидан касалхонада вафот этди. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба, 27 ноябр куни мамлакат ҳарбий хизматчиларига мурожаат қилиб маълум қилди. Унинг нутқидан парчаларни AFP агентлиги келтирмоқда.
Трампнинг сўзларига кўра, 20 ёшли Бекстром — Ғарбий Виржиниядан бўлган ҳарбий хизматчи — ўз хизмaтини 2023 йил июнида бошлаган. АҚШ президенти ҳалок бўлган ҳарбийни «жуда ҳурматга сазовор ва ажойиб инсон» деб атади.
Вашингтондаги отишмада яраланган иккинчи миллий гвардиячи, 24 ёшли Эндрю Вулф «ўз ҳаёти учун курашмоқда» ва «жуда ёмон аҳволда», деб қўшимча қилди Трамп. Шу билан бирга, жавоб ўқи натижасида жиддий яраланган қўлга олинган ҳужумчи ҳақида маълумот тилга олинмаган.
Миллий гвардиячилар иштирокидаги отишма Вашингтонда маҳаллий вақт билан 26 октябр куни кундузи Оқ уй яқинидаги Фаррагут майдонида содир бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, эркак олдиндан огоҳлантиришсиз навбатда турган ҳарбийларга ўт очган.
Кейинроқ дарҳол бир неча расмий шахслар ҳужум қилган шахс — 29 ёшли Раҳмонулло Л. — 2021 йилда Афғонистондан АҚШга кириб келганини маълум қилди. У ўша ерда аввал АҚШ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган. Шу туфайли у, Америка қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгани ва мамлакатда ҳокимият «Толибон» ҳаракати қўлига ўтганидан сўнг, АҚШга кўчиб ўтиш ҳуқуқини қўлга киритган. CNN маълумотларига кўра, 2024 йилда гумонланувчи АҚШдан бошпана сўраб ариза топширган ва 2025 йил бошида уни олган.
Ҳодиса юзасидан баёнот билан чиқар экан, Трамп Миллий гвардия хизматчиларига қилинган ҳужумни «террор акти» ва «бутун мамлакатга қарши жиноят» деб атади. Ўз навбатида, ФТР директори Кэш Пател ҳозирча ҳужум мотивлари ҳақида гапиришга эрта эканини, бироқ тергов «терроризм факти бўйича» олиб борилаётганини маълум қилди.
Ўз мурожаатида Трамп, шунингдек, Жо Байден президентлиги даврида Афғонистондан АҚШга кириб келган барча хорижий фуқаролар қайта текширувдан ўтказилишини айтди. АҚШ президентининг сўзларига кўра, Америка ҳокимияти бу ерда «ўрни йўқ ҳар қандай хорижликни» чиқариб юбориш учун «барча зарур чораларни» кўради.
ОАВ қайд этишича, Раҳмонулло Л. томонидан бошпана сўраб берилган ариза Трамп ҳокимиятга қайтганидан кейингина, унинг маъмурияти томонидан қондирилган. Миллий гвардиячиларга ҳужум қилгунча у қонунбузар сифатида полиция эътиборига тушмаган.
Мавзуга оид
17:53 / 08.06.2026
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюрмоқчи
10:30 / 08.06.2026
АҚШ пойтахтида ўзбек тадбиркорлари учун махсус дастур ишга туширилди
09:30 / 08.06.2026
Трамп: Нетаньяҳу Эрон бўйича ҳар қандай келишувни қабул қилади
08:50 / 08.06.2026