Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Уралдаги ҳарбий базада ракета учирилиши чоғида портлаб кетди
ОАВ Оренбург вилоятидаги Орск шаҳри яқинида, Ясний шаҳарчаси атрофида жойлашган полигонда содир бўлган портлаш видеоси ҳақида хабар тарқатмоқда. Расмий изоҳлар ҳозирча йўқ.
Россия Қуролли Кучларининг Стратегик ракета қўшинларига қарашли Ясний шаҳри яқинидаги базада ракета муваффақиятсиз учирилди — у бошқарувдан чиқиб кетди, ерга қулади ва портлади, деб хабар қилмоқда ОАВ. Ҳодиса шанба куни, 28 ноябр кундузи рўй берган. Портлаш ҳақидаги маълумотлар гувоҳларнинг хабарлари ва очиқ манбалардаги маълумотлар билан тасдиқланади.
Шаҳар аҳолиси ҳарбий объект ҳудудида кўтарилаётган ёрқин рангдаги қаттиқ тутун булути акс этган суратларни ижтимоий тармоқларда эълон қилди. Шунингдек, шаҳар чатларида тутун булути остида қолганлар нафас олишга қийналанаётгани ва ўткир ҳиддан шикоят қилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, деб ёзади 56orb минтақавий янгиликлар портали.
Украинанинг Supernova+ лойиҳаси, тахминларга кўра, ракета учирилиши ва унинг ерга қулаши акс этган видеони эълон қилди. ОАВ маълумотларига кўра, ҳодиса "Домбаровский" позицион районида содир бўлган, у ерда "Ясний" ҳарбий космодроми жойлашган.
Шаҳар ОАВ таъкидлашича, Ясний шаҳар ҳокимияти содир бўлган воқеа бўйича ҳеч қандай шарҳ бермаган. Шу билан бирга, полигонда содир бўлган портлаш ва ёнғин ҳақидаги хабарлар NASA'нинг FIRMS ёнғинлар мониторинги сервисидаги маълумотлар билан ҳам тасдиқланади.
The Insider нашри таъкидлашича, Оренбургдан тахминан 500 км ва Орскдан 50 км масофада жойлашган "Ясний" космодроми 2023 йилда стратегик ядровий ракеталар комплекси "Авангард"ни учириш имкониятини таъминлаш учун қайта қурила бошланган. Россия президенти Владимир Путин ушбу комплексни илк бор 2018 йилда тақдим этган ва ўша пайтда янги ракета атмосферанинг қаттиқ қатламларида манёвр қила олиши, қитъалараро масофада парвоз қилиши ва амалда уни уриб тушириб бўлмаслиги ҳақида айтган эди.
НАТОда кейинчалик бу тизим Россия ва АҚШ ўртасидаги стратегик қуроллар бўйича кучлар мувозанатига таъсир қилмаслиги қайд этилди. "Бизда Россия учун четлаб ўтиш имконсиз даражадаги ракетага қарши мудофаа тизими йўқ. Улар буни ҳозир ҳам етарлича самарали қила олади", — деб таъкидлади DW суҳбатдоши, НАТОдаги манба.
"Авангард" синовлари ва Путин томонидан келтирилган техник кўрсаткичлар Вашингтон томонидан қаттиқ танқидларга сабаб бўлган омиллардан бири бўлди — АҚШ бундай ракета яратилишини 1987 йилда КПСС бош котиби Михаил Горбачёв ва АҚШ президенти Роналд Рейган имзо чеккан Ўрта ва кичик масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномани бузиш, деб ҳисоблайди. 2019 йилда АҚШ президенти (ўшанда биринчи муддатда эди) Россия ҳаракатларига, жумладан, 9М729 қанотли ракеталарини яширинча ишлаб чиқишга жавобан, шартномадан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди. Кейинчалик Россия ушбу ракеталардан Украинага қарши ўзининг ҳозиргача давом этаётган тўлиқ масштабли ҳужуми доирасида фойдаланди.
Шу билан бирга, Яснийда айнан "Авангард" комплексининг ракета учирилиши муваффақиятсиз якунлангани ҳақида ҳеч қандай тасдиқ йўқ. Ракеталар учирилишини таҳлил қилувчи мутахассис Георгий Тришкин The Insider нашрига айтишича, видеода Р-36М2 "Воевода" ракета учирилишидаги муваффақиятсизлик акс этган бўлиши мумкин. Унга кўра, бу портлаш пайтида кўринган қўнғир-бинафша рангдаги тутун билан изоҳланиши мумкин. Таҳлилчи шуни ҳам қўшимча қилдики, бундай тутун жуда заҳарли.
MilitaryRussia лойиҳаси ёзишича, шахтали учириш қурилмасидан фойдаланиладиган ушбу космодромдан 15А28 "Сармат" қитъалараро баллистик ракетаси ҳам учирилиши мумкин. ОАВда аввалроқ ёзилишича, бундай ракета 2024 йилда Архангелск вилоятидаги "Плесецк" космодромида муваффақиятсиз учириш вақтида шахтада портлаб кетган. Қатор таҳлилчилар фикрича, айнан Плесецкдаги ушбу ҳодисадан сўнг "Сармат" синовлари "Домбаровский"га кўчирилган.
Мавзуга оид
08:55 / 23.05.2026
Дунёдаги энг йирик ракета яна фазога парвоз қилди
21:32 / 20.05.2026
Туркия қитъалараро ракетасини кўз-кўз қилди. Яна қайси давлатлар бундай қурилмага эга?
08:40 / 13.05.2026
Эроннинг 70 фоиз ракета арсенали сақланиб қолган — NYT
09:51 / 06.05.2026