Таълим | 16:33 / 29.11.2025
2062
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ОТМда бизнес-таълимга AMBA аккредитацияси жорий этилади

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Лондонга ташрифи давомида мамлакат олий таълим муассасаларида бизнес-таълим дастурлари учун AMBA халқаро аккредитациясини жорий этиш бўйича муҳим келишувга эришилди. Сафар доирасида Going Global халқаро конференциясида иштирок этилди ҳамда нуфузли таълим ташкилотлари билан қатор учрашувлар ўтказилди.

Фото: "Дунё" АА

Лондонда бўлиб ўтган Going Global халқаро конференцияси Education for Transformation: Building Partnerships for the Future мавзусида ўтказилиб, унда 80 дан зиёд мамлакатдан таълим вазирлари, агентликлар ва олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси ҳам мазкур анжуманда фаол қатнашди.

Халқаро форум доирасида олий таълимда сифат кафолати ва самарали бошқарув тизими, давлат-хусусий шериклик асосида инновацион университетлар тармоғини кенгайтириш, трансмиллий таълим дастурлари сифатини таъминлаш, таълим орқали инсон капиталини ривожлантириш каби йўналишларда панел муҳокамалар ўтказилди.

Сафар доирасида юртдошлар AMBA & BGA, QAA, Ofqual ҳамда Cambridge University Press & Assessment каби нуфузли ташкилотлар масъуллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

AMBA & BGA ташкилотининг бош ижрочи директори Эндрю Мэйн Уилсон билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон таълим тизимида ўқув дастурларини баҳолаш ва аккредитация мезонлари, ОТМда бизнес-таълим дастурларига AMBA аккредитациясини жорий этиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида таълим сифатини баҳолашда халқаро индикаторларни миллий тизимга уйғунлаштириш, кадрлар малакасини ошириш, тажриба алмашиш механизмларини яратиш бўйича ҳам ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувлар якунида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳамда AMBA & BGA ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, AMBA & BGA ташкилоти Ўзбекистонда халқаро аккредитация агентлиги сифатида тан олиниши, шунингдек, унинг кўмагида қўшма тренинглар, онлайн семинарлар ва эксперт алмашинувлари йўлга қўйилиши белгиланмоқда.

Мазкур келишув Ўзбекистон ОТМда бизнес-таълим сифати ва халқаро рақобатбардошликни ошириш, битирувчиларни глобал меҳнат бозори талабларига мос тайёрлашда муҳим қадам сифатида қайд этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид