Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ: Украинадаги антикоррупция органлари керакли даражада ишлаяпти
Европа комиссияси Украинадаги антикоррупция терговларига ҳурмат билан муносабатда бўлади. Президент офиси раҳбарида ўтказилган тинтувлар антикоррупция органлари ўз вазифасини керакли тарзда бажараётганини кўрсатади, деб билдирди Брюссел.
"Биз Украинада терговлар олиб борилаётганини тушунамиз ва бу терговларга катта ҳурмат билан қараймиз", — деди Европа комиссияси расмий вакили Паула Пиню жума куни, 28 ноябрда, Брюсселда ўтказилган брифингда. У Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак уйида Украина Миллий антикоррупция бюроси (НАБУ) ва Махсус антикоррупция прокуратураси (САП) ходимлари ўтказган тинтувларга изоҳ берар экан шундай деди. Бу ҳаракатлар "Украина антикоррупция органлари ўз ишини бажараётганини кўрсатади", дея таъкидлади Пиню.
Унинг фикрига Европа Иттифоқини кенгайтириш сиёсати бўйича Еврокомиссия вакили Гийом Мерсе ҳам қўшилди: "Бу айнан антикоррупция органлари ҳақиқатан мавжуд экани ва фаолият юрита олиши мумкинлигини кўрсатади", — деди у. Унга кўра, коррупцияга қарши кураш мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун тамоман ҳал қилувчи аҳамиятга эга шартдир. "Бу узлуксиз саъй-ҳаракатларни ва кучли ваколатларни талаб қилади. Бу – бир неча ҳафта олдин эълон қилинган кенгайтириш бўйича ҳисоботимизда тилга олинган асосий элемент", — деди Еврокомиссия вакили ва Украинадаги антикоррупция терговлари атрофидаги вазиятни бундан кейин ҳам диққат билан кузатишни ваъда қилди.
Украина антикоррупция органлари ходимлари тинтув ўтказган Андрей Ермакнинг ўзига нисбатан ҳозирча расман гумон эълон қилинмаган, деб ёзади украин ОАВ манбаларга таяниб. НАБУ ва САП Ермак уйидаги тинтувни Олий антикоррупция суди тергов судяси қарори асосида ўтказган. Украина президенти девони раҳбари ўз уйида тинтув бўлганини тасдиқлади ва антикоррупция органлари ишига тўлиқ кўмаклашаётганини билдирди. "Терговчилар олдида ҳеч қандай тўсиқ йўқ", — деб таъкидлади у.
Германия ҳукумати Украина раҳбариятидан мамлакатда "мутлақо изчил, қаттиқ коррупцияга қарши курашни" кутмоқда ва бу Украина Европа Иттифоқига кириш йўлидаги яна бир муҳим шарт бўлиб қолишини таъкидламоқда. "Бу соҳада сезиларли илгарилаш бўлиши жуда муҳим", — деди Германия ҳукумати расмий вакили ўринбосари Штеффен Майер DW саволига жавоб берар экан. "Бу майда масала эмас. Биз учун бу фавқулодда жиддий аҳамиятга эга масала", — дея қўшимча қилди у.
У, шунингдек, Германия канцлери Фридрих Мерц раҳбарлигидаги ҳукумат Украина президенти Володимир Зеленский, шунингдек, "масъул тузилмалар, жумладан Европа Иттифоқи даражасидаги ташкилотлар" билан коррупцияга қарши кураш масаласини мунтазам муҳокама қилаётганини эслатиб ўтди.
Шу билан бирга, Штеффен Майер Германиянинг Украинага Россиянинг давом этаётган урушига қарши курашидаги қўллаб-қувватлаши кучида қолишини ва коррупция можароси бунга соя солмаслигини таъкидлади. "Украина бизнинг ёрдамимизга ишонч билдириши мумкин", — деди у. "Украина ҳар куни Россия агрессиясига қарши турибди: биз ҳар куни бомбалар ҳали ҳам ёғилаётганини, жумладан фуқаролик объектлари ҳам урилаётганини кўриб турибмиз. Бу бизни бир неча йилдан бери энг жиддий маънода банд қилиб келмоқда ва барча сиёсий саъй-ҳаракатларимизни айнан шу урушга барҳам беришга, Украина мустақил давлат сифатида келажакка эга бўлишига қаратяпмиз. Айнан шу нарсага бутун диққат-эътиборимиз жам бўлган", — дея қўшимча қилди Майер.
НАБУ ва САП 10 ноябр куни "Энергоатом" компанияси атрофида кенг кўламли коррупция схемасини фош этгани ҳақида маълум қилди. Можаро марказида бир қатор украин вазирлари, шунингдек, президент Володимир Зеленскийнинг кўп йиллик ҳамкори Тимур Миндич ва молиячи Александр Цукерман қолди. Шу куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Миндич уйида, "Энергоатом" компаниясида, шунингдек Украина адлия вазири Герман Галушченко хонадонларида тинтув ўтказди. Миндичнинг ўзи аввалроқ Украина ҳудудини тарк этгани хабар қилинган.
Зеленский 12 ноябр куни икки кун аввал вазифасидан четлатилган адлия вазири Герман Галушченкони ва энергетика вазири Светлана Гринчукни вазифасидан озод этишни талаб қилди. Олий Рада 19 ноябр куни ҳар иккала вазирни истеъфога чиқариш учун овоз берди. Миндич ва Цукерманга нисбатан Зеленский фармони билан санкциялар жорий этилди.
Мавзуга оид
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026