Жаҳон | 13:15 / 01.12.2025
1758
3 дақиқада ўқилади

Вадефул: ЕИ Белгияга Россия активлари юзасидан кафолат бериши лозим

Киевга ёрдам кўрсатиш учун РФнинг музлатиб қўйилган активларидан фойдаланиш мақсадида ЕИ мамлакатлари Белгияга кафолатларни биргаликда бериши керак, деди Германия ТИВ раҳбари. Вадефулнинг фикрича, Украинада урушни тўхтатиш бўйича музокараларда "ҳал қилувчи ҳафта" бошланмоқда.

Йоханн Вадефул Фото: AP

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефулнинг фикрича, Европа Иттифоқи мамлакатлари Европада музлатиб қўйилган Россия давлат активларидан Украинага ёрдам кўрсатиш учун фойдаланилган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган молиявий хавф-хатарларни ўзаро бўлиб олиши керак. Бу ҳақда Германия ТИВ раҳбари якшанба, 30 ноябр куни кечқурун ARD телеканали эфирида чиқиш қилар экан маълум қилди.

Вадефулнинг сўзларига кўра, РФ активларидан фойдаланиш учун "Белгия манфаатларини" ҳимоя қилиш жуда муҳим. Белгияга кафолатлар керак, ва бу кафолатларни "Европа оиласи доирасида биргаликда бериш" лозим, деб таъкидлади Германия ташқи сиёсий идораси раҳбари. Унинг қўшимча қилишича, бу масала бўйича музокаралар шу ҳафтада ҳам давом этади, жумладан, 3 декабр куни Брюсселда НАТОга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида ҳам.

Россиянинг Украинага қарши уруши тўхтатилиши истиқболлари ҳақида гапирар экан, Вадефул музокараларда олдинда "ҳал қилувчи ҳафта" турганини айтиб ўтди. Вазир эҳтиёткор оптимизм билан "ҳозир урушни тўхтатиш учун реал имконият мавжуд", деб таъкидлади.

Европа Иттифоқида куз бошидан бери 2026 ва 2027 йилларда Украинага тахминан 140 миллиард евро миқдорида репарациявий кредитлар ажратиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Бу кредитни таъминлаш сифатида Европада музлатиб қўйилган Россия Марказий банки захираларидан фойдаланиш режалаштирилган. Бу ғояни Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Германия канцлери Фридрих Мерц фаол қўллаб-қувватламоқда.

Бироқ ҳозирча Белгия ўз розилигини бермаяпти. Айнан шу мамлакатда Европада музлатиб қўйилган РФ активларининг асосий қисми сақланаётган Euroclear депозитарийси жойлашган. Белгия бош вазири Барт Де Вевер ЕИнинг бошқа мамлакатлари унга эҳтимолий молиявий хавф-хатарларни бўлишишда шерик бўлишини талаб қилмоқда.

"Биз шуни истаймизки, агар пулларни қайтариш зарурати туғилса, ҳар бир иштирокчи давлат ўз ҳиссасини қўшсин", — деб таъкидлаган эди Де Вевер октябр ойидаги ЕИ саммитида. Белгия бош вазири шунингдек, ЕИнинг айрим бошқа мамлакатларида ҳам "Россия пулларининг улкан суммалари" сақланаётганини қайд этар экан, ушбу давлатлар ҳам Украинага ёрдам кўрсатиш дастурида иштирок этиши кераклигини билдирди.

Фон дер Ляйенга ноябр ойи охирида йўллаган хатда Де Вевер, шунингдек, "репарациявий кредитлар схемасини шошма-шошарлик билан илгари суриш" Украина бўйича тинчлик музокараларини издан чиқариб юбориши мумкинлигини ҳам таъкидлади.

Süddeutsche Zeitung газетаси маълумотларига кўра, Европа Комиссияси раҳбари Белгия шартларини бажаришга тайёр, бироқ бунинг учун Евроиттифоқнинг барча ҳамкорларидан расмий тасдиқ талаб қилинади. Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича якуний қарор ЕИ саммитида 18–19 декабр кунлари қабул қилиниши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид