Жаҳон | 16:40 / 02.12.2025
10249
7 дақиқада ўқилади

«Ҳудудлар масаласи – энг мураккаби». Зеленский учта устувор йўналиш ҳақида гапирди

Зеленский Макрон билан музокаралардан кейинги матбуот анжуманида тинчликка эришиш бўйича музокараларда Украина учун устувор бўлган учта масалани санаб ўтди. Бу вақтда АҚШ делегацияси Москвага ташриф буюрди, америкаликлар Россия томонига тинчлик режасининг якуний версиясини тақдим этиши керак.

Фото: EPA

Володимир Зеленский Украина, унинг Европадаги иттифоқчилари ва АҚШ Вашингтон томонидан Россия иштирокида ишлаб чиқилган ва Женева ҳамда Флоридадаги музокаралардан кейин ўзгартирилган тинчлик режаси бўйича музокаралар давом этаётганини маълум қилди. Украина президенти музокараларда Украина учун устувор бўлган учта масалани санаб ўтган ва бу масалалар бир вақтнинг ўзида энг мураккабларидир: ҳудудлар масаласи, хавфсизлик кафолатлари ҳамда мудофаа ва урушдан кейинги тикланиш учун пул ажратилиши.

Душанба куни Зеленский Францияга ташриф буюриб, президент Эммануэл Макрон билан учрашди, якшанба куни эса Украина делегацияси Флоридада музокаралар ўтказиб, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Доналд Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Америка президентининг куёви Жаред Кушнер билан тинчлик режасини муҳокама қилганди.

Макрон билан қўшма матбуот анжуманида Зеленский тинчлик режасининг якуний версиясини келишиш давом этаётгани, ҳозирга келиб «режа яхшироқ кўринишга келгани»ни таъкидлади.

У томонларнинг якшанба кунги маслаҳатлашувлари олти ярим соат давом этганини хабар қилган.

«Очиғини айтаман – ҳудудий масала энг мураккаби, – деди Украина президенти. – Пул ва тикланиш масаласини эса европалик ҳамкорларсиз қабул қилиш осон эмас, чунки пулнинг ўзи Европада. Менимча, бу унчалик адолатли эмас. Ва хавфсизлик кафолатлари масаласида АҚШ томонидан ҳам, Европа томонидан ҳам аниқлик бўлиши жуда муҳимдир».

«Мен буларни учта асосий мавзу, асосий йўллар ва бир вақтнинг ўзида триггер ҳам деб атаган бўлардим», – дейди Зеленский.

Гап айнан қандай талаблар ҳақида кетмоқда?

ОАВ маълумотига кўра, режанинг 28 банддан иборат дастлабки версиясида Россиянинг Украина ҳудудларини аннексия қилганини тан олиш ва Украина қуролли кучларини Донецк областининг Россия эгаллаб ололмаган қисмларидан ҳам олиб чиқиб кетиш ҳақида гап борган. Киевдагилар бир неча бор бунга йўл қўйиб бўлмаслигини айтишди, Украинанинг Европадаги иттифоқчилари ҳам бундай қадамларга қарши чиқишди.

Тинчлик режасининг биринчи версияси Россиядан санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлашни ва можаро иштирокчиларини ҳарбий жиноятлар учун амнистия қўллашни ҳам назарда тутган.

Душанба куни Зеленский Парижда Франция президенти Макрон билан тинчлик режасини муҳокама қилди.
Фото: Christophe Ena/Pool via REUTERS

«Биз Россия бу уруш учун мукофот сифатида қабул қиладиган нарсани ҳис қилмаслигини кафолатлашимиз керак», – деди душанба куни Украина президенти.

«Биз санкциялар, уруш жиноятлари учун жавобгарлик, ҳозирда Россия босқинчи қўшинлари эгаллаб турган ҳудудларимизнинг ҳуқуқий мақоми бўйича принципиал позицияларга эгамиз. Россия активларига нисбатан ҳам, реконструкция мажбуриятига нисбатан ҳам. Тажовузкор тажовуз учун пул тўлаши керак», – деди Зеленский.

ОАВдаги маълумотларга кўра, Женевада Украина, АҚШ ва Европа делегациялари иштирокидаги музокаралардан сўнг, тинчлик режаси ўзгартирилган, аммо унинг кейинги версиялари мазмуни жамоатчиликка эълон қилинмади. Ғарбнинг кўплаб нашрлари ҳудудлар масаласи ушбу ҳужжатдан «қавсдан ташқарига чиқарилгани» ҳамда Трамп ва Зеленский ўзаро учрашувда кўриб чиқиши учун очиқ қолдирилгани ҳақида ёзган.

Хавфсизлик кафолатлари ва Россия активлари

Украина хавфсизлик кафолатлари масаласини ҳам ўта муҳим деб ҳисоблайди. «28 бандлик режа»да хавфсизлик кафолатлари аниқ кўрсатилмаганди, аммо айрим журналистлар АҚШ ва Киевнинг европалик иттифоқчилари НАТО низомининг бешинчи моддасига ўхшаш механизм кўриб чиқилаётганини билдирган (унда алянснинг бир аъзосига қилинган ҳужум алянснинг барча аъзоларига ҳужум сифатида кўрилади ҳамда бутун алянс томонидан жавоб қайтарилишини назарда тутади).

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Флоридадаги музокаралар олти ярим соат давом этган 

Шу билан бирга, ОАВда эълон қилинган биринчи версияда Украина НАТОга аъзо бўлиб кириш ниятидан воз кечиши ҳақидаги банд ҳам бор эди (бу Украина конституцияси билан мустаҳкамлаб қўйилиши кераклиги ёзилган).

Зеленский хавфсизлик кафолатлари бўйича таклифларни Европанинг «кўнгиллилар коалицияси» аъзолари (ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган тақдирда ўз ҳарбийларини Украинага юбориш истагини билдирган мамлакатлар гуруҳи) тайёрлаётганини маълум қилди.

«Украинанинг устувор йўналишлари аниқ. Биринчи навбатда – ҳимоя ва хавфсизлик кафолатлари. Украина мустақиллигини, суверенитетимизни сақлаб қолиш кафолатлари. Биз буни ҳимоя қиламиз. Биз Россиянинг учинчи босқини содир бўлмаслиги кафолатланишини таъминлаш устида ишлаяпмиз», – деди Украина президенти.

Украина мудофаа қобилияти ва урушдан кейин мамлакатни тиклаш жараёнини молиялаштириш манбаси бўйича масалани ҳал қилиш учун Ғарб давлатлари Россиянинг Европа Иттифоқи ҳудудида музлатилган активларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

«28 бандлик режа»да келажакдаги бундай битимлардан АҚШ ҳам фойда кўриши назарда тутилганди.

Шу билан бирга, Россия активларидан фойдаланиш бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган, бунга активларни сақлайдиган Eeuroclear депозитарийси жойлашган Белгия позицияси сабаб бўлмоқда. Белгия ҳукумати активлардан фойдаланиш билан боғлиқ барча хатарларни, жумладан, Россия томонидан эҳтимолий даъволар бўлган тақдирда ҳам ўз зиммасига олишга мажбур бўлишидан хавотирда.

Буёғига нима бўлади?

Зеленский Уиткофф, Макрон, Флоридадаги музокараларда Украина делегациясига раҳбарлик қилган Рустем Умеров ҳамда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан тинчлик режаси бўйича қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганини маълум қилди.

Сешанба куни Уиткофф Москвага ташриф буюрди, у русларга тинчлик режасининг навбатдаги келишилган версиясини тақдим этиши керак.

Бу вақтда Украина президенти Ирландияга боради, у ерга Украинанинг Флоридада музокаралар олиб борган делегациясининг баъзи аъзолари ҳам келади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, улар «музокаралар қайси нуқтага етиб келганини босқичма-босқич айтиб беришади».

«АҚШ ҳам Россия томонининг муносабатини олади. Ва ўйлайманки, биз ҳозир қаерда эканимизни тахминан кўриб оламиз», – деди Украина президенти.

Владимир Путиннинг сўнгги баёнотларига кўра, Россия урушни тўхтатиш шартлари бўйича максималистик талаблардан воз кечмоқчи эмас. Ноябр ойи охирида Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Россия президенти Москва Украина қуролли кучлари ўз позицияларини тарк этсагина ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга тайёр бўлишини айтганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид