Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Канада ЕИнинг 150 млрд евролик SAFE мудофаа дастурига қўшилади
Канада ЕИга аъзо бўлмаган давлатлар орасида биринчи бўлиб Security Action for Europe (SAFE) номли Европа ташаббусига қўшилади. Бу Оттавага қурол-яроғ хариди учун ЕИ кафолатлари асосида имтиёзли кредитлар олиш имконини беради.
Европа Иттифоқи ва Канада душанба куни, 1 декабрда, Оттаванинг Security Action for Europe (SAFE) номли Европа мудофаа дастурига қўшилаётгани ҳақида эълон қилди. Ҳажми 150 млрд еврога тенг SAFE фондига кириш ҳуқуқи канадалик компанияларга ҳарбий техника сотиб олиш учун ЕИ кафолати остида имтиёзли кредитлар олиш имконини беради.
«Биз биргаликда глобал хавфсизлик учун ҳал қилувчи бўлган ушбу даврда саноатларимиз орасида барқарор мудофаа таъминот занжирларини яратамиз», — дейилади Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Канада бош вазири Марк Карнининг қўшма баёнотида.
Марк Карни Канада мудофаа харидлари тизимини диверсификация қилиш ва мамлакатнинг Еврoиттифоқ билан муносабатларини мустаҳкамлаш ниятида эканини таъкидлади. «Канаданинг SAFE дастурида иштирок этиши имкониятимиздаги асосий бўшлиқларни ёпишга, канадалик етказиб берувчилар учун бозорларни кенгайтиришга ва Европа мудофаа инвестицияларини Канадага жалб этишга хизмат қилади», — деди бош вазир.
Аввалроқ SAFE дастурига қўшилиш истагини Буюк Британия ҳам билдирган эди, бироқ Лондон талаб қилинган кириш бадали миқдорига рози бўлмаган.
Security Action for Europe фонди 2025 йил май ойида, Россия томонидан келаётган таҳдид кучайиб бораётган бир шароитда Европа мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган. SAFE мақсадлари орасида, шунингдек, Европанинг мудофаа соҳасида АҚШга боғлиқлигини камайтириш ва Украинага ёрдам кўрсатиш ҳам бор.