Жаҳон | 15:46 / 02.12.2025
2090
3 дақиқада ўқилади

Миналар қурбонига айланаётганлар орасида тинч фуқаролар улуши ошиб бормоқда

Пиёдаларга қарши минадан фойдаланишни тақиқловчи халқаро конвенция мавжуд бўлишига қарамай, давлатлар улардан фойдаланишда давом этмоқда. Россия билан чегарадош бир қатор Европа мамлакатлари ҳатто мудофаа мақсадида мина камарини барпо этишни режалаштирмоқда.

Фото: iacheslav Madiievskyi/Ukrinform/Photoshot/picture alliance

2024 йилда жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларда тинч аҳоли пиёдаларга қарши миналардан тобора кўпроқ жабр кўрди. Бу ҳақда Handicap International нодавлат ташкилоти томонидан душанба куни, 1 декабрда Женевада тақдим этилган ҳисоботда айтилган. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда миналар 6279 кишини ўлдирган ёки яралаган, уларнинг 90 фоизини тинч фуқаролар ташкил этган, зарар кўрганларнинг ярми эса болалардир. Портлашларнинг кўпчилиги Мянмада рўй берган — бу ерда ҳунта тинч аҳолига қарши пиёдаларга қарши миналардан фойдаланмоқда. Ташкилот жабрланувчилар сони ошишини дунё бўйлаб фаол қуролли тўқнашувлар кўпайгани билан боғламоқда.

Handicap International БМТнинг пиёдаларга қарши миналардан фойдаланишни тақиқловчи Оттава конвенцияси бажарилиши устидан кузатув олиб боради. Ушбу келишув иштирокчи давлатларни ҳеч қачон ва ҳеч қандай шароитда бундай миналарни ишлатмасликка, ишлаб чиқармасликка, харид қилмасликка, шунингдек, уларни захирага жамламасликка ва учинчи томонларга ўтказмасликка мажбур қилади. Бу турдаги қурол айниқса ғайриинсоний ва шафқатсиз, деб ҳисобланади, чунки мина ҳарбийларни ҳам, тинч фуқароларни ҳам фарқламасдан зарар етказиши мумкин.

Оттава конвенциясини 100 дан ортиқ давлат имзолаган. Улар орасида Россия, АҚШ ва Хитой каби йирик давлатлар йўқ. РФ дунёдаги энг катта пиёдаларга қарши миналар захирасига эга — тахминан 26 миллион дона. Улардан кўп қисми Украинага қарши урушда аллақачон ишлатилмоқда.

Handicap International ҳисоботида, жумладан, бешта Европа мамлакати — Финландия, Эстония, Латвия, Литва ва Полша танқидга учраган. Россиянинг Украинадаги уруши фонида бу давлатлар Оттава конвенциясидан чиқиш ниятини эълон қилган. Улар Россия ва Беларус билан қуруқлик чегараси бўйлаб эҳтимолий ҳарбий тажовуздан ҳимояланиш мақсадида мина камарини барпо этишни режалаштирмоқда.

Жорий йил ёзида Украина ҳам келишувдан чиқишини эълон қилди. Шунга қарамай, конвенция шартларига кўра, Киев Россия билан уруш тугамагунча унда назарда тутилган барча мажбуриятларга амал қилишни давом эттириши керак.

Handicap International экспертларининг қайд этишича, Украина Оттава конвенциясига зид равишда пиёдаларга қарши миналарни аллақачон ишлатган бўлиши мумкин. 2024 йилда АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага Россия ҳарбий тажовузидан ҳимояланиш мақсадида бундай миналар етказишга рухсат берди. Бу билан Вашингтон ўзининг 32 йилдан бери амал қилиб келган экспорт эмбаргосини бузган ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид