Жаҳон | 09:03 / 02.12.2025
3941
3 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда мухолифат етакчиси Али Керимли ҳибсга олинди

Мухолифатдаги «Озарбойжон Халқ фронти» партияси етакчиси Али Керимли ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашга тайёргарликда айбланиб, икки ярим ой муддатга ҳибсга олинди. У 12 йилдан то умрбод озодликдан маҳрум этилишгача бўлган жазога ҳукм қилиниши мумкин.

Фото: Manoocher Deghati / AP

Бокунинг Сабаил туман суди душанба куни, 1 декабрда, «Озарбойжон Халқ фронти» миллий-демократик партияси раиси Али Керимлини ва партия бошқаруви аъзоси Мамед Иброҳимни 2 ой-у 15 кун муддатга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди. Уларга ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаш мақсадида тил бириктирганлик айблови қўйилган. Сиёсатчилар 12 йилдан умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган муддатга ҳукм қилиниши мумкин.

Керимли 29 ноябр куни қўлга олинган эди. Озарбойжон давлат ОАВнинг хабар беришича, тинтув чоғида мухолифат вакилидан собиқ президент администрацияси раҳбари Рамиз Мехтиев қаламига мансуб деб айтилган айрим хатлар топилган. Октябр ойида суд 87 ёшли Мехтиевни бир қатор айбловлар — жумладан, давлат тўнтаришига уриниш ва давлатга хиёнатда айблаб, тўрт ой муддатга уй қамоғига жўнатиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Reuters агентлиги манбасига кўра, Озарбойжон расмийлари Керимлини Мехтиев томонидан молиялаштирилганликда айбламоқда. Партия етакчиси унга қўйилган айбловларни рад этди ва уларни сиёсий сабабга эга, деб ҳисоблайди, дея хабар берган Reuters мухолиф сиёсатчининг ҳимоячисига таяниб.

Керимли 2000 йилда, партиянинг аввалги етакчиси — мамлакатнинг собиқ президенти Абулфаз Элчибай вафотидан сўнг «Озарбойжон Халқ фронти» партияси раҳбарлигини ўз зиммасига олган. Кейинги 20 йил давомида унга хорижга чиқиш паспортини бериш рад этиб келинган. 2015 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу орқали Керимлининг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи бузилгани ҳақида қарор чиқарган.

Озарбойжонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Али Керимлининг ҳибсга олинишини репрессиялар тўлқинининг бир қисми, деб баҳоламоқда ва уни озод қилишни талаб этмоқда. «Озарбойжонда сиёсий маҳбуслар эркинлиги учун» иттифоқи маълумотларига кўра, 2025 йил октябр ойида мамлакатдаги сиёсий маҳбуслар сони 392 нафарга етган — бу Илҳом Алиевнинг 22 йиллик президентлик давридаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Озарбойжонда ҳокимиятни танқид қилган ўнлаб журналистлар, фаоллар ва сиёсатчилар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид