Ўзбекистон | 13:01 / 03.12.2025
11775
3 дақиқада ўқилади

Гулистондаги портлашда 30 га яқин киши жароҳатланган

Маълум бўлишича, портлаш оқибатида 29 киши жароҳатланиб, шундан 26 нафари шифохонага ётқизилган. Жабрланувчилардан уч нафари вафот этган, бир нафари ўта оғир аҳволда, яна беш киши жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги бозорлардан бири ҳудудидаги овқатланиш шохобчасида рўй берган портлаш оқибатлари юзасидан маълумот берди.

«2 декабр куни соат 10:49 да Гулистон шаҳрининг «Тараққиёт» МФЙ ҳудудида жойлашган овқатланиш шохобчасида содир бўлган ёнғин ҳақида тез тиббий ёрдам Call-марказига соат 11:13 да хабар келиб тушган. Тез тиббий ёрдам бригадаси зудлик билан соат 11:25 да воқеа жойига етиб бориб, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган.

Ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган», дейилади вазирлик хабарида.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат малакали мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Реанимациядаги беморлардан 5 нафари стабил оғир ҳолатда, улар ҳушида ва мустақил нафас олмоқда.

Айни пайтда қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.

Шифохонада беморлар учун зарур бўлган барча дори-дармонлар мавжуд. Уларга тегишли стандартлар асосида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир бемор саломатлигини ўз назоратига олган.

2 декабр куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги бозорлардан бирида газбаллон портлаганди.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси 2 декабр куни ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқлигини маълум қилганди.

Бундан олдинроқ Сирдарё вилоят ИИБ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми (Одам ўлиши ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши) билан жиноий иш қўзғатилиб, 1 киши процессуал тартибда қамоққа олинганини хабар қилганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид