Ўзбекистон | 14:03 / 03.12.2025
603
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Германия IT ва автомобилсозликда янги лойиҳаларни режалаштирмоқда

Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаел Хармс бошчилигидаги немис бизнес делегацияси Ўзбекистонга ташриф доирасида IT, саноат ва автомобилсозлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда янги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.

Фото: Дунё

“Дунё” хабарига кўра, Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаел Хармс раҳбарлигидаги немис тадбиркорларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида АКТ соҳасида фаолият юритаётган Германия компаниялари вакиллари Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, IT Park Uzbekistan, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда қатор хусусий компанияларда учрашувлар ўтказди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акром Алиев билан бўлиб ўтган суҳбатда икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарадорлигини ошириш, шунингдек саноат, инвестиция ва савдо соҳаларида янги истиқболли йўналишларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида, шунингдек, Германиянинг бир қатор нуфузли ташкилот ва компаниялари: ГФР Ишлаб чиқариш ресурслари, харидлар ва логистика бўйича федерал иттифоқи (BME), дастурий таъминот ва рақамли ечимлар ишлаб чиқиш бўйича етакчи компания EPAM Systems, немис тили бўйича халқаро сертификатлаш маркази Telc вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Мулоқот жараёнида Германиянинг янги компанияларини Ўзбекистон бозорига жалб этиш, мамлакатда фаолият юритаётган немис инвесторларининг иштирокини кенгайтириш, шу жумладан саноатни модернизация қилиш, автомобилсозлик, яшил энергетика ва юқори технологияли ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Германия бизнес доиралари вакиллари Ўзбекистондаги инвестиция муҳити, логистика имкониятлари, рақамли иқтисодиёт ва IT-инфратузилманинг жадал ривожланаётгани, автомобилсозлик ва электротехника соҳаларида кооперацияни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирди.

Учрашувда мазкур ташриф 2024 йилда Самарқанд шаҳрида имзоланган 2024–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик ва саноат кооперацияси дастури доирасида ташкил этилгани таъкидланди.

Якунда томонлар ўзбек-немис иқтисодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, бундай амалий учрашувларни мунтазам давом эттириш ва Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга хизмат қиладиган янги бизнес лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид