Ўзбекистон | 22:05 / 03.12.2025
5905
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Саида Мирзиёева тунги экорейдда иштирок этди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Махсус комиссия йиғилишидан сўнг мутасаддилар билан биргаликда экологияни зарарлаётган иссиқхоналарни текшириш бўйича тунги рейдга чиқди.

У шундай иссиқхоналардан бирининг раҳбарига қилаётган иши нотўғри эканини тушунтириб, буни тўхтатишни буюрди.

«Бу нотўғри, ноқонуний. Сиз тирикчилик қиляпсиз, биз эса шу ҳаводан нафас оляпмиз. Тўхтатинглар... Биз учун одамларнинг соғлиги, болаларимизнинг соғлиги жуда муҳим», деди Президент администрацияси раҳбари.

Махсус комиссиянинг йиғилишида экологик вазият ҳамда уни яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар бир марталик ёки вақтинчалик акция эмаслиги, бундан кейин, гарчи ҳаво яхшиланган тақдирда ҳам, мазкур йўналишдаги ишлар тўхтаб қолмаслиги, изчил ҳамда тизимли давом этиши, буни барча бўғиндаги раҳбарлар тўғри англаши кераклиги қатъий таъкидланди.

Гулистондаги портлашда 30 га яқин киши жароҳатланган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги бозорлардан бири ҳудудидаги овқатланиш шохобчасида рўй берган портлаш оқибатлари юзасидан маълумот берди.

Қайд қилинишича, 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари шифохонага ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис уйига жавоб берилган. Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозир шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Реанимациядаги беморлардан 5 нафари стабил оғир ҳолатда, улар ҳушида ва мустақил нафас олмоқда.

Ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилиб, 1 киши процессуал тартибда қамоққа олинган.

Жамоат транспортида йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга қарши рейдлар кучайтирилди

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ шу йилнинг 11 ойи мобайнида жамоат транспортида 19 500 дан ортиқ йўл ҳақини тўламаслик ҳолатини аниқлади. Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўл ҳақини ўз вақтида тўлашни таъминлашга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси ходимларига йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан жарима баённомаларини расмийлаштириш ҳуқуқи берилган. Бу ўзгариш қонунбузарликларга тезкор муносабат билдириш ва қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.

Жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Низом ички ишлар органлари патрул-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларнинг шахсини электрон техник воситалар, шу жумладан, планшет орқали аниқлаш тартибини белгилайди.

Ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқароларни тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки «Е-патрул» тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:

- шахс жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилиш учун асослар мавжуд бўлганда;

- шахсни содир этилган жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлганда;

- қонунга мувофиқ шахсни ушлаб туриш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлганда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид