Жаҳон | 10:42 / 03.12.2025
1984
6 дақиқада ўқилади

ЕИда газ захиралари кам бўлишига қарамай, нархлар пасаймоқда

Европа газ омборларида газ миқдори сўнгги йилларга нисбатан сезиларли даражада кам, аммо экспертлар хавотир учун асос кўрмаяпти: СТГ (суюлтирилган табиий газ) етказиб бериш ҳажмининг ўсиши бозорни барқарорлаштиради.

Фото: Martin Meissner / AP

Европа Иттифоқи газ омборларининг 2025–2026 йиллар қиш мавсуми бошидаги тўлдирилганлик даражаси тарихий меъёрлар билан солиштирганда шунчалик пастки, у назарий жиҳатдан ташвиш уйғотиши керак. Бироқ бозор тинч ҳолатда: нархлар истеъмолчилар учун «қулай» даражада барқарорлашган. Экспертлар ишонч билан айтишича, яқин ойларда ҳам талаб ва таклиф мувозанатда қолади. Бундай оптимизм қаердан?

Gas Infrastructure Europe — Европа газ инфратузилмаси операторлари манфаатларини ифода этувчи ассоциация маълумотларига кўра, 2025 йил 1 декабр ҳолатига ЕИга аъзо 27 мамлакат газ омборлари тахминан 75 фоизга тўлдирилган. Бу ҳам ўтган йилга нисбатан, ҳам ўн йиллик ўртача кўрсаткичлардан паст.

2024 йилда ЕИ газ омборлари қиш бошланишига келиб 86 фоизгача тўлдирилган эди. Сўнгги ўн йил учун ўртача кўрсаткич 85 фоизни, 2022–2024 йиллар даврида эса — Россиядан газ етказиб бериш кескин қисқаргани сабабли Европа газ бозори тузилмавий ўзгаришлар кўрган бир пайтда — тахминан 92 фоизни ташкил этган.

Шунга қарамай, бозорда вазият тинч: нархлар барқарор бўлиб турибди. Асосий Европа савдо майдони — TTF'да сўнгги кунларда котировкалар 1 МВт·соат учун 30 еврогача тушяпти — бу 2021–2022 йиллар қиш мавсумида, яъни Россия Украинага тўлиқ миқёсдаги ҳужум бошлашидан олдинги даврга нисбатан ҳам паст.

Бундан ташқари, қолган қиш ойлари учун форвард нархлар ҳам деярли шу даражада турибди — бу эса яқин ойларда ҳам талаб ва таклиф мутаносиб бўлиб қолишига бозор ишонаётганини кўрсатади.

Омборлар нисбатан камроқ тўлдирилганига қарамай бозор барқарор қолаётгани, экспертлар фикрича, Европа газ етказиб беришнинг янги моделига тўлиқ ўтиб бўлганини кўрсатади. Бу моделда асосий рол суюлтирилган табиий газ (СТГ)га тегишли — унинг импортдаги улуши 2021 йилдаги 20 фоиздан 2025 йилда 40 фоизгача ўсган. Қолган қисми қувур орқали етказиб бериш ҳиссасига тўғри келади. Катта улуш Норвегия ҳиссасига тўғри келмоқда, Россиянинг «Газпром»и эса ҳозирча фақат Венгрия ва Словакияни таъминлашда давом этмоқда.

СТГ таклифининг жаҳон бозорида ўсиши Европа бозорининг барқарорлашувига хизмат қилаётган асосий омилдир, дея таъкидлайди DW билан суҳбатда Оксфорд энергетика тадқиқотлари институти Газ тадқиқотлари дастурининг катта илмий ходими Жек Шарплс.

Сўнгги йилларда СТГ етказиб беришни энг фаол оширган мамлакат — АҚШ. Америка СТГ етказиб беришининг Европага импортдаги улуши 50 фоиздан ошиб кетган. Шарплснинг айтишича, келаси мавсумда АҚШ компаниялари 2025 йилда ишга тушаётган янги лойиҳалар ҳисобига бозорга яна сезиларли қўшимча ҳажмлар олиб чиқади.

Европа учун вазиятни янада қулай қиладиган яна бир омил — дунёдаги энг йирик СТГ импортчиси Хитой, аксинча, суюлтирилган газ харидини қисқартираётганидир, дейди эксперт. Бу қисман Хитой иқтисодиёти секинлашуви, қисман «Сибир кучи» («Сила Сибири») газ қувурининг тўлиқ қувват билан ишлай бошлаши, қисман эса Доналд Трамп бошлаган тариф урушлари билан изоҳланади.

СТГ таклифининг ўсиши ва етказиб беришнинг барқарорлашуви яна бир йўналиш — истеъмолнинг қисқариши билан тўқнаш келмоқда. Натижада бозор янада барқарорлашмоқда, дея қайд этади DW'га берган интервюсида Берлиндаги Германия иқтисодий тадқиқотлар институти (DIW Berlin)нинг энергетика, транспорт ва атроф-муҳит бўлими раҳбар ўринбосари Франциска Холц.

Расмий маълумотларга кўра, 2021–2024 йиллар оралиғида ЕИда газ истеъмоли 19 фоизга камайган — биринчи навбатда энергия самарадорлигининг ошиши ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланиш туфайли. Яқин йилларда ҳам истеъмол қисқаришда давом этади. Ember таҳлилий маркази тахминига кўра, 2030 йилга бориб талаб яна 7 фоизга камаяди.

Мана шу икки тренд — СТГ таклифининг ўсиши ва истеъмолнинг қисқариши — газ омборлари тўлдирилганлигига қўйилган аввалги талабларни номутаносиб қилиб қўйди, шунинг учун ЕИ расмийлари уларни қайта кўриб чиқди. Илгари иситиш мавсуми бошланишидан олдин омборлар камида 90 фоизга тўлдирилган бўлиши керак эди, ҳозир эса бу даража 1 октябрдан 1 декабргача бўлган исталган вақтда таъминланса бўлади. Бундан ташқари, ноқулай бозор шароитида 10 фоизлик четланишга йўл қўйилади.

«Олдинги қатъий қоидалар нархларга кескин босим ўтказарди, чунки омборларни тўлдириш керак эди — газ қанча қиммат бўлишидан қатъи назар», — деб тушунтиради Франциска Холц.

Шу билан бирга, DW суҳбатдоши таъкидлашича, хавф-хатарлар назорат остида. Германиядаги газ омборларининг ҳозирги тўлдирилганлик даражаси 67 фоизни (ЕИ ўртача даражасидан ҳам паст), ёки 167 ТВт·соатни ташкил этади. Тарихий кўрсаткичлар билан солиштирганда бу кўп эмас, бироқ барибир етарли: бу Германиядаги ўртача ойлик қишки истеъмол (тахминан 130 ТВт·соат)дан 30 фоизга кўпроқдир.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид